Франция президенти Эммануэль Макрон ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев стратегик фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Франция президентининг ташрифи давомида жами олтита келишув имзоланди, дея хабар берди Қозоғистон президенти матбуот хизмати.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, учрашувда «бугунги мураккаб геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятда айниқса муҳим» бўлган мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш учун Қозоғистон президенти ишчи гуруҳ тузиш ташаббуси билан чиқди.
Тўқаев Франция Қозоғистоннинг муҳим ҳамкори эканини таъкидлаб, бу йил икки давлат ўртасида стратегик шериклик шартномаси имзоланганига 15 йил тўлишини таъкидлади.
«Жорий йилнинг 8 ойида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошиб, 2,7 миллиард долларга етди», — деди Тўқаев.
Унинг таъкидлашича, Франция Қозоғистондаги энг йирик сармоядорлар қаторига киради. «Сўнгги 15 йил ичида Франциядан Қозоғистонга 18,7 миллиардга яқин сармоя жалб қилинди», — деди Қозоғистон раҳбари.
Франция президентининг ташрифи давомида томонлар умумий қуввати 1 ГВт бўлган энергия сақлаш тизимига эга шамол электр станцияларини биргаликда қуриш ва темир йўл ускуналарига техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳам келишиб олдилар. Оқсим касаллигига қарши вакциналар етказиб бериш, Франция агентлиги гуруҳини ташкил этиш, Қозоғистонда француз мактабларини очиш бўйича келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, президентлар яшил иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгариши масалаларини муҳокама қилдилар. Тўқаев Қозоғистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун жаҳон етакчилари уюшмаси бўлган Франциянинг One Planet Summit («Бир сайёра саммити») ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
31 октабрь куни Bloomberg манбаларига таяниб Макрон уран етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб бориш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюришини ёзган эди. Франциянинг уранга бўлган эҳтиёжи Нигерда энергия ресурсларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш билан боғлиқ бўлиб, у ерда ҳарбий тўнтаришдан сўнг мамлакатнинг янги расмийлари Париж билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни ёқлаб чиққан. Қўшимча қилиб ўтамиз, уран стратегик минерал хом ашё бўлиб, бугун Тўқаев ва Макрон бу борада келишиб олдилар.