Толиблар кўплаб мамлакатларда тақиқланган ташкилотнинг 20 нафар аъзосини ҳибсга олишди

Ғазна. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилувчи «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари Ғазна вилоятида дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия»* исломий ташкилотга аъзоликда айблаб, 20 кишини ҳибсга олишди. Бу ҳақда 8am.Media интернет нашри ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Аниқлик киритилишича, ҳибсга олишлар бир ҳафта аввал Ғазнанинг турли ҳудудларида ўтказилган рейдлар чоғида амалга оширилган. Айни пайтда ҳибсга олинганларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Манбаларга кўра, ҳибсга олишлар ҳозирда Ғазо секторида Исроил армияси Ҳамас радикал ташкилотига қарши операциялар ўтказаётган бир пайтда «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия» аъзолари Фаластин маъмуриятини қўллаб-қувватлаганидан кейин содир бўлган.

«Толибон» Ғазнадаги ҳибсга олишлар бўйича ҳеч қандай расмий баёнот бермади.

Қайд этилишича, 2021 йил августида «Толибон» Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгач, Афғонистоннинг айрим вилоятларида «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия» гуруҳи аъзолари толибларни ғалаба билан табриклаб, уларга ёрдам беришга ваъда беришган. Бироқ, 2022 йил ноябрь ойида толиблар Афғонистонда фаолият юритувчи бошқа бир қанча ташкилотлар қатори «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия» фаолиятини тақиқладилар.

Ўтган йили Ғазна шаҳридаги «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия»нинг минтақавий етакчиси кейинчалик текширилмаган бир воқеада ўлдирилган эди. Аввалроқ толиблар Бағлон, Ғазна, Каписа ва Тохар вилоятларида ўнлаб одамларни ушбу ташкилотга аъзоликда айблаб ҳибсга олишган эди.

Қўшимча қилиб айтиш мумкин, «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия» бир қатор мамлакатларда, жумладан, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда тақиқланган. Унинг фаолияти БАА, Ливан ва Ямандан ташқари деярли барча араб мамлакатларида тақиқланган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ