Толиблар қизлар мактабини ривожлантириш лойиҳаси асосчисини 215 кунлик қамоқдан сўнг озод қилди

Матиуллоҳ Веса. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилувчи «Толибон»* радикал ҳаракати афғон қизлари учун мактабларни ривожлантириш бўйича Pen Path лойиҳаси асосчиси Матиуллоҳ Весани 215 кунлик қамоқдан сўнг озод қилди. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар берди.

Толибларнинг 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқишини тақиқлашига ошкора қарши чиққан Веса жорий йилнинг 27 мартида «Толибон» томонидан ҳибсга олинган эди. Жангарилар Весанинг мобил телефонларини тортиб олиб, қариндошларини калтаклаган. Ҳибсга олиш сабаблари айтилмаган.

Pen Path лойиҳаси асосчисининг озод этилиши тафсилотлари маълум қилинмаган.

ℹ️ Pen Path лойиҳаси аъзолари афғон қизлари учун мактабларни ривожлантириш кампаниясини олиб борганлар ва ҳатто Афғонистонда америкапараст ҳукумат ҳукмронлиги даврида ҳам мактаб таълими билан боғлиқ вазият йирик шаҳарларга қараганда анча ёмонроқ бўлган қишлоқларда китоблар тарқатганлар.

Толиблар ҳокимиятга келганидан бери доимий равишда аёллар ҳуқуқларини чеклаб келадилар. Радикал ҳаракат етакчилари қўйилган шартлар бажарилиши билан қизлар учун мактаблар очилишини қайта-қайта таъкидлашган. Шу билан бирга, журналистлар ёки халқаро ташкилотлар вакиллари «Толибон»га аниқлик киритиш учун мурожаат қилганларида, улар шартларни чала-чулпа тушунтиришган ёки уларни айтишдан умуман бош тортишган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ