Франция президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади

Франция президенти матбуот хизмати фотосурати

Франция президенти Эммануэль Макрон 1 ноябрь куни Қозоғистонга, 2 ноябрь куни эса Ўзбекистонга ташриф буюради.

Макроннинг Остонага расмий ташрифи ҳақида Қозоғистон президентининг сайтида хабар берилган. «Ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сармоявий ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказади, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилади», — дейилади хабарда.

Франция президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида ТАСС AFP агентлигига таяниб маълум қилди. Ташриф мақоми расмий ҳисобланади.

Макрон администрацияси Франциянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан яқинлашишдан мақсади иқтисодий, «жумладан энергетика соҳасида, муҳим материаллар етказиб бериш, транспорт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик эканлигини» таъкидлайди.

«Франция бу икки давлатни ислоҳот ва модернизация йўлида қўллаб-қувватлашга, халқаро муносабатларни диверсификация қилишга ҳисса қўшишга, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек Европа билан муносабатларни мустаҳкамлаш ниятини қўллаб-қувватлашга тайёр», — дея француз президенти администрацияси баёнотини келтиради AFP агентлиги.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2022 йил кузида Францияга бир ҳафталик фарқ билан расмий ташриф буюрган эди: Мирзиёев Парижда 21—22 ноябрь кунлари бўлди, 29-30 ноябрь кунлари Тўқаев ташриф буюрган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?