Толиблар БМТдаги Афғонистон вакили ўрнини беришларини сўраб мурожаат қилдилар

Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартираси. Norden.org сайти фотосурати

2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати БМТга афғон вакилининг ташкилотдаги ўрнини беришларини сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда толиблар вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди, дея хабар беради TOLOnews телеканали.

Шу кунгача БМТда Афғонистон номидан икки йил муқаддам ағдарилган америкапараст ҳукумат томонидан тайинланган дипломатлар иш юритмоқда.

Мужоҳиднинг айтишича, бу жойни толибларга бермаслик Афғонистон халқига нисбатан ҳақорат бўлади.

«Бу ташкилотнинг алоҳида мақсадлари бор. Биз эса бошқа йўлдан, яъни мустақиллик, озодлик ва исломий тузум йўлидан борамиз. Табиийки, уларнинг [БМТ] йўли бизникидан фарқ қилади, лекин [БМТдаги вакиллик лавозими] афғон халқи ва толиблар томонидан тузилган ҳукуматга ўтказилмаса, Афғонистон халқига нисбатан катта адолатсизлик бўлади», — дейди Мужоҳид.

2021 йил 16 декабрига қадар Афғонистоннинг БМТдаги ваколатхонасига Ғулом Исҳоқзой раҳбарлик қилган, у Кобулдаги америкапараст ҳукумат томонидан ушбу лавозимга тайинланган. Унинг ўзи ватанидаги ҳақиқий ҳокимият «Толибон» ҳаракати қўлига ўтгани сабабли истеъфога чиққан. Афғонистон ваколатхонасининг янги раҳбари Носир Аҳмад Фаик ҳам собиқ ҳукумат томонидан тайинланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти толибларга ён бериб, афғон миссияси таркибини ўзгартира олмайди, зеро «Толибон» ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган.

Таъкидлаш жоиз, «Толибон» расман тан олинмаган бўлсада, бироқ унинг вакиллари бир қатор давлатларда дипломатик миссияларни бошқармоқда. Бундай давлатлар қаторига Эрон, Россия, Хитой, Покистон ва Туркманистон киради.

Бундан ташқари, БМТ Афғонистондаги гуманитар миссияларини амалга ошириш учун ҳақиқатда толиблар ҳукумати билан ҳамкорлик қилади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ