Туркманистон ҳукумати фуқаролик паспортининг янги намунасини муомалага киритади

arzuw.news сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов фуқаролик паспортининг янги намунасини муомалага киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» нашри хабар берди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

👉 Туркманистон фуқаросининг паспортини расмийлаштириш ва бериш тартиби, ундан фойдаланиш қоидалари;

👉 Туркманистон паспортининг намунаси ва тавсифи.

Қарорда қайд этилишича, Туркманистон фуқаросининг эски намунадаги паспорти алмаштириш учун асос бўлган тақдирдагина янгисига алмаштирилиши мумкин. Агар эски паспорт йўқолган ёки шикастланган бўлса, фамилия, исм ёки отасининг исми ўзгарган бўлса, янги паспорт олиш мумкин.

Янги намунадаги паспорт қачон муомалага киритилиши маълум эмас. Бердимуҳамедов Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигига бир ой муддатда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришларни тайёрлаб, ҳукуматга тақдим этишни топширди.

ℹ️ Туркманистоннинг 16 ёшга тўлган барча фуқаролари миллий паспортга эга бўлишлари шарт. Ҳужжат чексиз муддатга берилади, аммо 25 ва 45 ёшда эгасининг янги фотосуратлари унга ёпиштирилиши керак.

2008 йил 10 июлда Туркманистон фуқаросининг чет элга чиқиши учун биометрик маълумотлари бўлган паспорти кучга кирди. Ҳужжат туркман ва инглиз тилларида тайёрланади, 10 йил муддатга, 16 ёшгача бўлган болалар учун — 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Turkmen.News хабарига кўра, сўнгги пайтларда Туркманистон фуқаролари орасида хориж паспортга талаб кескин ошган. Масалан, Туркманободда бундай ҳужжатларни расмийлаштириш учун купонлар 10 ой олдин берилади. Агар октабрь ойининг бошида миграция хизмати одамларни 2024 йил апрели учун навбатга қўйган бўлса, энди август ойи учун. Дашогузда навбат 2024 йилнинг июлигача чўзилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ