Полицияда калтакланганиган сўнг вафот этган эронлик Маҳса Амини Сахаров мукофоти лауреати бўлди

Маҳса Амини портретларини кўтариб олган эронлик намойишчи аёллар. iglobenews.org сайти фотосурати

2022 йили Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган Маҳса Амини ва Эроннинг «Аёл, ҳаёт, эркинлик» норозилик ҳаракати Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофоти лауреатлари бўлди. Бу ҳақда Европарламент спикери Роберта Метсола маълум қилди, деб хабар берди 19 октябрь куни Reuters.

«16 сентябрь куни Эронда Маҳса Амини ўлдирилганига бир йил тўлди. Европа парламенти Эронда тенглик, қадр-қиммат ва эркинлик учун курашни давом эттираётган мард ва жасур одамларни қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади», — деди Метсола.

Тақдирлаш маросими 13 декабрь куни Европа парламенти сессиясида бўлиб ўтади.

Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ўтган йил 17 сентябрида 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган эди.

ℹ️ 13 сентябрь куни қиз ахлоқ полицияси томонидан «нотўғри ҳижоб кийгани» учун ҳибсга олинган. Расмийларга кўра, полиция бўлимида қизнинг юраги хуруж қилган ва инсультга учраган. Бироқ жамоат фаолларига кўра, эронлик қиз хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча калтакланган. Амини касалхонага ётқизилган ва 16 сентябрь куни вафот этган.

Маҳса ўлимидан сўнг ҳукуматга қарши намойишлар Эроннинг барча йирик шаҳарларида декабргача давом этди. Намойишчилар «Аёл, ҳаёт, эркинлик» деб ҳайқиришарди. Уч ойлик намойишлар давомида юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб одамлар ҳибсга олинган. Намойишчилар Эрон шаҳарларидаги қизлар ва аёллар ўз ихтиёрига кўра ҳижобсиз юришига муваффақ бўлишолди. Аммо сўнгги пайтларда Ислом Республикаси ҳукумати жамоат жойларида юзини ёпувчи рўмол ўрамаган аёлларни яна таъқиб қила бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ