Толиблар афғон журналистини 284 кунлик қамоқдан сўнг озод қилди

Мортаза Беҳбудий. Ижтимоий тармоқ фотосурати

18 октабрь куни Кобул жиноят суди 284 кунлик қамоқда ўтирган журналист Мортазо Беҳбудийни (Mortaza Behboudi) озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.

Франция фуқаролигига эга Беҳбудий шу йилнинг 7 январида Афғонистонда – мамлакатга кирганидан икки кун ўтиб «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан ҳибсга олинган эди. Журналист Кобулнинг Пули Чархи қамоқхонасига жойлаштирилган.

Аниқланишича, Кобул жиноий суди журналистни унга қўйилган жосуслик, «чет элликларни ноқонуний қўллаб-қувватлаш» ва чегарани кесиб ўтишда ёрдам бериш каби моддалар бўйича оқлаган.

«Кобул жиноий судининг журналист Мортазо Беҳбудийни озод қилиш ҳақидаги қарори, албатта, унинг рафиқаси Александра [Мостова], унинг дўстлари ва ҳамкасблари ҳамда барча матбуот эркинлиги ҳимоячилари учун катта енгилликдир. Бу тўққиз ойдан ортиқ оғриқли синов ва доимий ташвишнинг охири. RSF уни озод қилиш учун тўққиз ойлик кампаниядан сўнг, энди биз Мортаза яқин бир неча кун ичида Парижда рафиқаси билан учрашишини таъминлаш устида ишлаяпмиз», — деди RSF раҳбари Кристоф Делуар.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, «Толибон» журналистларга қарши изчил қатағонларни амалга ошириб келган. Мамлакатда хорижий қўшинлар бўлган даврда – 2001 йилдан 2021 йилгача Афғонистон оммавий ахборот воситалари Марказий Осиёдаги энг эркин оммавий ахборот воситаларидан бири ҳисобланган. Мамлакат толиблар назоратига ўтгач, ўнлаб оммавий ахборот воситалари ёпилди, юзлаб журналистлар ҳеч қандай суд қарорисиз ёки сохта айбловлар билан ҳибсга олинди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ