Эрон ҳукумати эронлик кинорежиссёр Дариуш Меҳржуийнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган шахсни ҳибсга олган. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар берди.
Аниқлик киритилишича, гумонланувчи аввалроқ қўлга олинганлар орасида бўлган, унинг режиссёрни ўлдиришга алоқадорлиги тергов ҳаракатлари давомида аниқланган. Гумонланувчиларни сўроқ қилиш давом этмоқда. Агентлик гумонланувчининг режиссёр рафиқаси Воҳиде Моҳаммадифарнинг ўлдирилишига ҳам алоқадорлиги ҳақида маълумот бермаган.
14 октабрь куни Меҳржуий ва унинг рафиқаси Теҳрондан 30 км шимоли-ғарбда жойлашган Алборз вилоятидаги уйида ўлдирилган, уларнинг жасадларини қизи Мона Меҳржуий топган. Воқеа жойига етиб келган криминологлар режиссёр бўйнида ўткир буюм излари, бошида тўмтоқ буюм билан берилган зарба изларини аниқлашган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Муҳаммадифарнинг ўлими асфиксия натижасида содир бўлган деб ҳисобламоқда. Илгари режиссёрнинг рафиқаси ижтимоий тармоқларда таҳдидлар ҳақида хабар берган, бироқ полицияга ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.
ℹ️ Меҳржуий 1970 йиллардаги Эрон киносининг янги тўлқини кашшофи сифатида танилган. Унинг 1969 йили суратга олинган «Сигир» фильми машҳур бўлган. Миш-мишларга кўра, фильм Оятуллоҳ Ҳумайнийнинг ҳайратига сазовор бўлган ва унинг 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин кинони бутунлай тақиқламаслик қарорига таъсир қилган.
Шунингдек, Меҳржуийнинг «Сигир» билан бир қаторда «Жаноб соддалик» (1970), «Цикл» (1977), «Ижарачилар» (1987), «Ҳамун» (1990), «Сара» (1993), «Пари» (1995) ва «Лейла» (1997) фильмлари томошабин меҳрини қозонган.
1980 йилдан 1985 йилгача режиссёр Францияда яшаган ва у ерда «Рембо мамлакатига саёҳат» ҳужжатли фильми устида ишлаган. 1990 йили Меҳржуий Sony ва Toshiba технология компаниялари қуршовида қолган Эронда ажралишдан азоб чекаётган интеллектуалнинг 24 соатлик ҳаёти ва интеллектуал ташвишларини акс эттирувчи «Хамун» фильмини суратга олган.