Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига берилган ҳарбий зарбани «қатъий қоралаб» баёнот бердилар.
«Ғазо секторидаги «Ал-Аҳли» касалхонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик.
Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз. Вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирамиз», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги «халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишини ҳар томонлама текширишга» чақирди.
«Биз тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишни назарда тутувчи халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаймиз. Шу муносабат билан биз томонларни қурбонликлар ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўришга, тинчликка эришиш манфаатлари йўлида зудлик билан музокаралар жараёнини бошлашга чақирамиз.
Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларига мувофиқ Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш учун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш тарафдори», — дея таъкидлайди республика Ташқи ишлар маҳкамаси.
«Фуқаролик объектлари, айниқса шифохоналар ҳеч қандай шароитда ҳужумга учрамаслиги ва ҳар қандай шароитда ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш учун хавфсиз жой бўлиши керак», — дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Тожикистон дипломатлари ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради, ярадорларга соғайишини тилаб, «зўравонлик ҳаракатларини кескин қоралаган ҳолда», томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва вазиятни барқарорлаштириш учун мулоқот бошлашга чақиради.
ℹ️ 17 октабрь куни кечқурун Ғазо секторидаги Ал-Аҳли баптистлар касалхонаси ракета ҳужумига учради. Al-Arabiya телеканалининг Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар беришича, 500 киши ҳалок бўлган. Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳаво кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумида 600 киши ҳалок бўлган, яна 900 киши яраланганини маълум қилган.
ЦАХАЛ (Исроил мудофаа кучлари) зарба ҳақидаги айбловларни рад этди. Брифингда ЦАХАЛ матбуот котиби адмирал Даниэль Ҳагари шифохонанинг вайрон бўлиши учун «Исломий жиҳод» гуруҳи масъул экани ҳақида далиллар борлигини айтган.
Ҳагарининг сўзларига кўра, 17 октабрь куни соат 18:50да «Исломий жиҳод» шифохона яқинидаги қабристондан Исроил томон ўнта ракета отган, 18:59 да шифохонада портлаш содир бўлгани хабар қилинган.
«Бизнинг разведка маълумотларига кўра, ҲАМАС бу «Исломий жиҳод» ракеталарининг муваффақиятсиз учирилиши эканлигини тушунган ва ҳақиқатни яшириш учун глобал дезинформация кампаниясини бошлашга қарор қилган. Кампания доирасида улар ҳатто қурбонлар сонини ҳам ошириб юборишди», — дейди Ҳагари.
У ЦАХАЛнинг касалхонага «на қуруқликдан, на денгиздан, на ҳаводан» ўт очмаганини таъкидлайди.
«Бизнинг радар тизимларимиз портлаш вақтида Ғазо секторидан террорчилар отган ракеталарни кузатиб турган. Ракета отиш траекториясининг таҳлили ракеталар касалхона яқинида отилганини тасдиқлайди», — дейди Ҳагари.
Унинг сўзларига кўра, ЦАХАЛда ракета учирилишининг муваффақиятсизликка учрагани ва у касалхона ҳудудига қулаб тушгани акс этган видеолар бор. Шунингдек, исроилликларда рақиблар ўртасидаги музокаралар қайд этилган, уларда ракетанинг муваффақиятсиз учирилиши ва Ал-Аҳли касалхонаси ҳақида сўз юритилган.