Исроил ҳукумати 7 октабрь куни Ҳамас жангарилари томонидан содир этилган теракт чоғида Ўзбекистоннинг уч фуқароси ҳалок бўлгани, уларнинг тўрт нафар ватандоши бедарак йўқолганлар рўйхатида экани ҳақида хабар берди. Бундай маълумотлар экстремистик ҳужумлар қурбонига айланган хорижликлар ҳақидаги инфографикада келтирилган.
Исроил расмийлари график жадвалда келтирилган маълумотлар 15 октабрь ҳолатига кўра долзарб эканлигини ва ҲАМАС ҳужумида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар аниқланганда маълумотлар доимий равишда янгиланиб туришини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда бу маълумотларга ҳозирча жавоб берилгани йўқ. 11 октабрь куни Исроил-Фаластин можароси авж олганининг тўртинчи кунида Марказий Осиё республикасининг Тел-Авивдаги элчихонаси террорчилар томонидан асирга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги «айрим ОАВда тарқалган» маълумотлар тасдиқланмаганини маълум қилди. Аниқлик киритилишича, дипломатик миссия Исроилдаги ватандошларни тезкор рўйхатга олиш ишларини олиб бормоқда.
Маълумки, 15 октябрь куни Холон технология институтида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Исроилдан Тошкентга учиб келган. Элчихона эвакуация қилинган талабаларнинг аниқ сонини маълум қилмаган ва келажакда улар хориж университетида онлайн тарзда дарсларга қатнашишларини қўшимча қилган.
Исроил ҳукумати инфографикасида бир нафар Қозоғистон фуқароси бедарак йўқолгани борасида маълумот бор. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этди. Департамент матбуот котиби Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, Исроил расмийлари ўз жадвалида йўл қўйилган хато учун аллақачон узр сўрашган.
Исроилга кўра, ҲАМАС ҳужуми оқибатида дунёнинг 40 дан ортиқ давлати фуқаролари ҳалок бўлган. Энг кўп зарар кўрган давлатлар орасида:
◾️ АҚШ — 19 киши ҳалок бўлган, 20 киши бедарак йўқолган;
◾️ Таиланд — 15 киши ҳалок бўлган, тўққиз киши бедарак йўқолган;
◾️ Франция — 15 киши ҳалок бўлган, саккиз нафари бедарак йўқолган;
◾️ Россия — 13 киши ҳалок бўлган, 12 киши бедарак йўқолган;
◾️ Украина — 13 киши ҳалок бўлган, етти киши бедарак йўқолган.
Жами 148 нафар хорижлик ҳалок бўлгани тасдиқланган, яна 143 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади.
ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракета ҳужумларини уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Тел-Авив оғир артиллерия ва самолётлардан фойдаланган ҳолда жавоб операциясини ўтказди. Шу пайтгача томонлар курашни тўхтатгани йўқ.
15 октабрь ҳолатига кўра, можарода исроилликлардан камида 1400 киши ҳалок бўлган ва 3500 киши яраланган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу томонда ҳалок бўлганлар сони 2600 кишидан ошган, Ғазо секторининг ўн мингга яқин аҳолиси жароҳатланган.