Флоридада яшовчи туркманистонлик Батир Мятиев икки йилу 8 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек салкам 6,9 миллион доллар жаримага тортилган. Америка суди уни ноқонуний муҳожирларни ишга жойлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топди, деб ёзади Turkmen.news нашри.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Мятиевга нисбатан ҳукм шу йилнинг июнь ойи бошида чиқарилган. Вазирлик маҳкумнинг Туркманистонга қандай алоқаси борлигига аниқлик киритмаган, фақат унинг Флорида штатида яшаганини маълум қилган.
Суд маълумотларига кўра, Мятиев 2010 йилдан 2020 йилгача Ки-Уэстда бир нечта ишга ёллаш агентликларига эгалик қилган. Унинг фирмалари штатларда ноқонуний ёки ишлаш учун рухсатномасиз яшовчи хорижликларни ишга жойлаштириш билан шуғулланган. Қоида тариқасида, мигрантлар меҳмонхона, бар ёки ресторанларга жойлаштирилган.
Шу тариқа тадбиркор хорижликларни АҚШда қолишга ундаган ва бу билан мамлакатнинг иммиграция қонунчилигини бузган. Бундан ташқари, Мятиевнинг компаниялари ноқонуний муҳожирларга федерал даромад солиғи ва бандлик солиқларини ушлаб қолмасдан иш ҳақи тўлаган.
Суд қамоқ муддати ва жаримадан ташқари, судланувчига қўшимча шартли жазо тайинлашга қарор қилган: озодликка чиққанидан кейин Флорида фуқароси яна уч йил давомида назорат органлари кузатуви остида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Американинг Fox News телеканали мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган муҳожирлар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилган.
Ўзбекистонликлар бу рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилнинг октабридан 2023 йилнинг октябрига қадар ушбу Марказий Осиё республикасининг 13 624 нафар фуқароси АҚШга ноқонуний равишда кириб келган.
Ўзбекистонликлардан мос равишда 30 830 ва 15 594 кишилик кўрсаткичлар билан Туркия ва Мавритания фуқароларидан олдинда. Мазкур кўрсаткич бўйича биринчи ўнталикда бошқа собиқ СССР вакиллари йўқ — Афғонистон, Миср, Покистон, Эрон, Сурия, Ливан ва Яман каби давлатлар фуқаролари шу қатордан ўрин олган.