Ироқ келгуси беш йил ичида Туркманистондан ҳар йили 10 миллиард куб метр табиий газ сотиб олишга қизиқиш билдирган. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.
«Ироқлик ҳамкорлар узоқ муддатли шартномалар асосида қўшни Эрон Ислом Республикаси ҳудуди орқали SWAP схемаси бўйича Туркманистондан Ироққа газ етказиб беришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар, уларнинг муддати камида 5 йил бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Ироқ томони ҳар йили 10 миллиард куб метр ҳажмдаги туркман газини сотиб олишга тайёр», — дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Туркманистон делегацияси 5-8 октябрь кунлари Бағдодда бўлганида «Туркмангаз» давлат концерни ва Ироқ электр энергетика вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Музокаралар 25-27 октабрь кунлари Ашхободда «Туркманистон нефть ва гази – 2023» халқаро кўргазма ва конференцияси доирасида давом этади. «Хроника Туркменистана» интернет нашрининг аниқлик киритишича, якуний келишув Туркманистон, Эрон ва Ироқ ўртасидаги уч томонлама муҳокамадан сўнг имзоланади.