«Диний экстремизми»да айбланган туркманистонлик Россиядан чиқариб юборилганидан сўнг тергов изоляторига жойлаштирилган

mir24.tv сайти фотосурати

«Диний экстремизм»да айбланган туркманистонлик Аширбай Бекиев Россиядан ватанига депортация қилинганидан сўнг Дашогуз шаҳридаги тергов изоляторига жойлаштирилган. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревга таяниб Turkmen.news хабар беради.

Дастлаб Туркманистон расмийлари август охирида депортация қилинган Бекиевнинг қариндошларига уни икки ҳафта ичида уйига қўйиб юборишларини ваъда қилишган. Аммо охир-оқибат хавфсизлик кучлари экстремизмда айбланаётган фуқарони тергов изоляторига жойлаштирган. Улар бу ҳақда маҳбуснинг яқинларини хабардор қилиб, унга кийим-кечак ва озиқ-овқат бериб юборишларига рухсат беришган.

Аширбай Бекиев 2002 йили Туркманистонда мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзовнинг ҳаётига гумон қилинган террорчилик ташаббуси фонида бошланган «тозалашлар»дан кейин ватанини тарк этган. Аширбой ва укаси Тачмират «диний экстремизмда» айбланган. Бир неча йил ўтгач, қариндошлар Санкт-Петербургда учрашадилар, у ерда улар ўзларининг нонвойхоналарида ишлайдилар. Уларнинг танишларига кўра, йигитлар эътиқодли бўлишган, бироқ уларга радикал нарсалар ёт бўлган: улар фақат мадрасаларда ўқиган ва исломнинг барча анъаналарига амал қилишган.

Бекиев ватанига депортация қилингани ҳақида 1 сентябрь куни хабар берилган. Ҳуқуқ фаолларининг аниқлик киритишича, Россия полицияси Туркманистон фуқаросини 30 август куни Москвадан Ашхободга самолётда жўнатган.

ℹ️ Аширбай Бекиев 2016 йили Туркманистон илтимосига кўра Санкт-Петербургда қўлга олинганида маълум бўлганди. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари унинг жиноий иши уйдирма эканлигини эълон қилишган. Россия хорижликни депортация қилишга қарор қилади, бироқ 2017 йилнинг май ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди туркманистонликни ватанига депортация қилишни тақиқлаганидан кейин уни қўйиб юборишади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревга кўра, жорий йилнинг 16 май куни Бекиев Ленинград вилоятининг Волхов шаҳрида қўлга олинган. 19 май куни Санкт-Петербургнинг Красносельский туман суди Туркманистон фуқаросини миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган: унинг паспорти муддати аллақачон тугаган ва у ҳужжатларини янгилай олмаган, чунки бунинг учун Туркманистон ҳукумати билан боғланиш керак бўлган. Бу эса унга ҳисбга олиниш хавфини туғдирарди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ