Афғонистонда юз берган зилзила оқибатида 2,4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди

Ҳиротда зилзиладан вайрон бўлган уйлар. "Синьхуа" сайти фотосурати

Афғонистон ғарби ва унга қўшни вилоятларда содир бўлган зилзила қурбонлари сони 2445 нафарга етди. Бу ҳақда 9 октабрь куни Ғарбий Ҳирот вилояти расмийларига таяниб, «Синьхуа» агентлиги хабар берди.

Ҳудуднинг табиий офатларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи мулла Муса Ашарийнинг (Musa Ashari) сўзларига кўра, Ҳиротда 13 қишлоғи «бутунлай вайрон бўлган» Занда Жан (Zanda Jan) тумани энг кўп жабр кўрган.

Аввалроқ зилзилалар натижасида юзага келган вайронагарчиликлар туфайли камида 9200 киши турли оғирликдаги жароҳатлар олгани маълум бўлган эди.

7 октабрь куни Ҳиротдан 40 км ғарбда 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу қўшни Бодғис ва Фараҳ вилоятларида ҳам сезилган. Кейин, АҚШ Геология хизмати хабарига кўра, яна 5,9 ва 5,5 магнитудали силкинишлар содир бўлган.

Афғонистон халқаро ҳамжамиятдан зилзилалардан жабр кўрганларга ёрдам сўраб, оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраган.

«Биз ҳар бир давлат ёрдамини қабул қиламиз ва буни қутлаймиз. Биз барча миллий ва халқаро институтлардан зилзиладан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишларини сўраймиз», — деди Афғонистон Табиий офатларга қарши кураш вазирлиги вакили Жанан Саик.

Саикнинг сўзларига кўра, Ҳиротда вайроналар остидан омон қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда, жабрланганларга ёрдам бериш учун ўнлаб тиббий бригадалар етиб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ