Тинчлик бўйича Нобел мукофоти эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийга топширилди

Наргис Муҳаммадий. Нобел қўмитаси сайти иллюстрацияси

2023 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти қамоқ жазосини ўтаётган эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийга берилди. Бу ҳақда 6 октабрь куни Нобел қўмитаси маълум қилди.

Муҳаммадий «Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураши ва барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилгани учун» мукофотланган.

«Бу йилги Тинчлик мукофоти, шунингдек ўтган йили Эроннинг теократик режими томонидан аёлларга нисбатан камситиш ва зулм сиёсатига қарши чиққан юз минглаб одамларни тақдирлайди. Намойишчилар томонидан қабул қилинган «Аёл – Ҳаёт – Озодлик» шиори Наргес Муҳаммадийнинг фидоийлиги ва меҳнатини мукаммал акс эттиради», — дейилади қўмита баёнотида.

ℹ️ Моҳаммадий 1972 йил 21 апрелда Эронда туғилган. «Унинг сўз эркинлиги ва мустақиллик ҳуқуқи учун жасоратли кураши уни кўп йўқотишларга дучор қилди», — деб таъкидлади Нобел қўмитаси.

Эрон ҳукумати Муҳаммадийни 13 марта ҳибсга олган, беш марта айбдор деб топган ва жами 31 йил қамоқ ва 154 дарра уришга ҳукм қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳозирда қамоқ жазосини ўтамоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йил кузида Эронда ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтганди. Бунга 22 ёшли Маҳса Аминининг нотўғри ҳижоб кийганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг ўлгани сабаб бўлганди. Натижада юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб одамлар хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ