Туркия Анқарадаги терактдан сўнг Ироқ ва Сурияда берган зарбаларини қонуний деб атади

Хакан Фидан. «Анадолу» фотосурати

Туркия Анқарада содир этилган терактдан сўнг Курдистон Ишчи партиясининг (КИП) Ироқ ва Суриядаги объектларига зарба беришга қонуний ҳуқуқга эга. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Хоқон Фидан маълум қилди, дея хабар беради ТРТ телеканали.

«Бундан буён Ироқ ва Суриядаги КИПга тегишли бўлган барча инфратузилма, ердаги объектлар ва энергетика объектлари қуролли кучларимиз ва миллий разведка ходимларининг қонуний нишони ҳисобланади. Учинчи шахсларга КИП объектларидан узоқроқ туришни тавсия қиламиз», — дейди Фидан.

Ташқи ишлар вазири Туркия қуролли кучларининг Анқарадаги КИП жавобгарликни ўз зиммасига олган террорчилик ҳужумига муносабати «ўта аниқ бўлиши» ва ҳужум ташкилотчилари «қилган ишидан пушаймон бўлишлари» ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 1 октабрь куни Анқара марказидаги Қизилай майдонида Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида автомобиль портлаб кетган. Ҳужум икки киши томонидан амалга оширилган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчиси «зарарсизлантирилган». Иккинчи террорчи билан отишма чоғида икки хавфсизлик ходими яраланган.

Фиданнинг сўзларига кўра, ҳужумнинг ҳар икки иштирокчиси Сурияда тайёргарликдан ўтган ва Туркияга шу давлатдан келган.

Ҳужумнинг эртасига Туркия армияси Ироқ шимолидаги КИП объектларига зарба берди.

ℹ️ КИП 1978 йили ташкил топган ва у Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Ҳарбийлаштирилган ташкилот Туркиядаги курдлар ҳуқуқлари ва бу мамлакатда курд мухториятини яратиш учун курашади. Курдларнинг аксарияти истиқомат қилувчи шимолий Ироқда ташкилотнинг тоғли ҳудудларда кўплаб базалари жойлашган. Турк армияси вақти-вақти билан бу базаларга қарши қуруқликдан ва ҳаводан ҳарбий амалиётлар ўтказиб туради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ