Петропавловскда мактаб ўқувчисининг ўз тенгдошларига болта билан ҳужум қилганига доир жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етган. 2 октабрь куни иш жиноят ишлари бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судига топширилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
«Биринчи куниёқ гумонланувчи ҳибсга олинган. Ҳозирда у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Жиноят иши бўйича барча зарур тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, барча экспертиза натижалари олинган. Экспертиза натижаларига кўра, гумонланувчи судда иштирок этиши мумкин. Шу муносабат билан унинг хатти-ҳаракати «қотилликка уриниш» деб баҳоланади, деб ёзади Petropavlovsk.news вилоят ИИБ бошлиғи Айдин Кабдулдиновга иқтибос келтирган ҳолда.
ℹ️ 4-сонли умумтаълим мактабидаги воқеа жорий йилнинг 13 февраль куни содир бўлган. Ўша куни 9-синф ўқувчиси мактаб биносига ниқобда кириб, 10 ва 9-синфларда ўқийдиган икки ўғил ва бир қизга болта билан жароҳат етказган. Ўз вақтида етиб келган бир неча ўрта мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари уни тўхтатиб, қўлга олишга муваффақ бўлишган. Жароҳат олган икки ўсмир боши ва билак қисми тешилган жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, учинчисига жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳужум юзасидан жиноят иши қўзғатилган, қўлга олинган ўсмир вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига (ВСҲ) жўнатилган. Маълум бўлишича, у аввал Олмаота шаҳридаги Республика руҳий саломатлик илмий-амалий марказида стационарда даволанган, 2022 йил ноябрь ойи охирида унинг умумий таълим йўналиши бўйича ўқишни давом эттириши мумкинлигига оид тавсия берилган.