«Ипак йўли дурдонаси» ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ҳар йили ўтказилаётган ёш киноижодкорлар ўртасидаги «Кино беш кун ичида» танлови якунланди. Танловда режиссёр Гасимли Юсиев томонидан суратга олинган «100 қадам» фильми билан Озарбайжон жамоаси ғолиб бўлди.
Тақдирлаш маросими Кинематографлар уйининг ёзги кинотеатрида бўлиб ўтди. Ғолибларни табриклаш учун саҳнага таниқли режиссёр Александр Сокуров ҳамда машҳур театр ва кино актрисаси Елизавета Боярская чиқди. Йигитларга эсдалик совғалар, шунингдек 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти топширилди. Ёш режиссёр жуда ҳаяжонда эди ва саҳнада у фақат барчага, шунингдек танлов ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди.
Церемония награждения состоялась в летнем кинотеатре Дома кинематографистов.
«Онажон, кўряпсизми? Мен саҳнадаман, ғолиб бўлдим!», — деди ёш режиссёр гулдурос қарсаклар остида.
Шаҳрисабздаги Оқсарой саройида озарбайжонлик жамоа ўз фильмини суратга олган. Бошқа барча иштирокчилар сингари йигитларга ҳам ўзбекистонлик ёш киноижодкорлардан иборат суратга олиш гуруҳи ёрдам берган.
Режиссёр Эдиса Токторова бошчилигидаги Қирғизистон жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. «Орзулар шаҳри» фильми Наманганнинг Ахсикент қишлоғида суратга олинди. Марғилон шойи-тўқиш фабрикасида суратга олинган «Ип» фильми билан россияликлар учинчи ўринни эгаллади. Кумуш ва бронза медал соҳибларига эсдалик совғаларидан ташқари мос равишда 2000 ва 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, маросим доирасида қисқа метражли фильмлар миллий танлови ғолиблари тақдирланди. Дилшод Усмоновнинг «Узум» картинаси ғолиб деб топилди. Совринни кино ижодкорларига «Олтин глобус» совриндори Сиддиқ Бармак топширди. Ҳакамлар ҳайъати Ҳилола Абдурасулованинг «Менинг Ўзбекистоним» ва Нурия Сафарованинг «Омонат» картиналарини эътироф этишди.
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам сўзга чиқиб, иштирокчилар ва меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, тақдирлаш маросимини бошлаб берди.
«Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан дунёнинг турли мамлакатларидан ёш киноижодкорларни қабул қилмоқдамиз. Энди МДҲ давлатларидан келган ёшлар юртимиз вилоятларига саёҳат қилиб, «Ўзбекистон – менинг орзуим!» мавзусида ўз фильмларини тайёрладилар. Ушбу фильмлар ҳакамлар ҳайъати эътиборига тақдим этилди. Ёш истеъдодлар бизга фильм суратга олиш учун келганидан жуда хурсандмиз ва бунинг учун улардан миннатдормиз. Янги Ўзбекистонда биз ёш авлоднинг ривожланиши учун имконият яратишимиз керак, чунки Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 65 фоизини ёшлар ташкил этади», — деди Абдухолиқов.
Бу йил «Кино беш кун ичида» танловида МДҲ давлатларидан еттита жамоа иштирок этди. Мусобақанинг икки карра ғолиби Ўзбекистон ички мусобақалар ўтказаётгани сабаб иштирок этмади. Танлов регламентига кўра, ҳар бир жамоага икки кишидан иборат бўлган суратга олиш гуруҳига Ўзбекистондан беш-этти нафар ёш кино мутахассислари бириктирилган. Ҳаммаси бўлиб иштирокчиларга фильмни тайёрлаш учун беш кун мавжуд — суратга олиш жараёнига уч кун, монтаж учун бир кун ва дубляж учун бешинчи кун ажратилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари орасида россиялик таниқли режиссёрлардан бири, Венеция ва Канн кинофестиваллари совриндори Александр Сокуров, афғон кинорежиссёри ва продюсери, «Олтин глобус» ва Канн кинофестиваллари мукофотлари совриндори Сиддиқ Барма, машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Маҳмудов, машҳур Туркманистонлик режиссёр Хўжақули Нарлиев бор. Ҳакамлар ҳайъатига таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамраев раислик қилди.
ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.
2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.