Россиялик режиссёр Александр Сокуров «Ипак йўли дурдонаси» халқаро Тошкент кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кинофестиваль доирасида Александр Сокуровнинг Сталин, Гитлер, Черчилл ва Муссолинининг дўзахдаги учрашуви ҳақидаги янги «Эртак» фильми намойиш этилади. Сокуров ВГИК Тошкент филиали талабалари учун маҳорат дарси ўтказиши ва очиқ ижодий учрашувда иштирок этиши режалаштирилган.
Сокуров билан бирга «Эртак» фильми продюсери Николай Янкин, таниқли россиялик киношунос, «Сеанс» журнали муҳаррири Василий Степанов Тошкентга келади. Янкин ҳам талабалар учун маҳорат дарси ўтади.
Таъкидлаш жоиз, Сокуров ўзининг кўп йиллик ва барқарор урушга қарши позицияси билан танилган. Шу билан бирга, «Эртак» фильми 2022 йилги Канн кинофестивалидаги премерасидан олиб ташланган, чунки Россия ҳукуматининг Украина ҳудудида МҲО бошлани сабаб, Россия фильмларининг халқаро фестивалларда иштирок этиши тақиқланган. Натижада фильмнинг премьераси икки ойдан кейин Локарно кинофестивалида бўлиб ўтган.
Александр Сокуров — совет ва рус кинорежиссёри ва сценарий муаллифи, Россия Федерацияси халқ артисти. Кўплаб рус ва халқаро кино мукофотлари, жумладан Берлин, Канн ва Венеция кинофестиваллари совриндори. У «Қамал китобини ўқиймиз», «Фауст», «Қуёш», «Рус кемаси», «Иккинчи доира» каби фильмларни яратган.
ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди.
Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.
2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.