Кучли ёмғир Қозоғистоннинг бир қанча вилоятларида ғалла ҳосилининг ярмини нобуд қилган

Айдарбек Сапаров Акмола вилояти фермерлари билан учрашувда. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Икки ҳафтадан ортиқ давом этган ёмғир туфайли Қозоғистоннинг Шимолий Қозоғистон, Оқмола, Қўстанай ва Павлодар вилоятлари деҳқонлари ҳосилнинг ярмигача йиғиштира олмади, деб ёзади Informburo.kz.

«Ҳосилнинг ярми ерга қоришиб кетган. У [дон] ҳидланиб қолган бўлади. Бу дон ҳатто озуқа учун ҳам ярамайди», – деб тушунтиради фермерлардан бири «31 канал» репортажида.

Тўхтовсиз ёғаётган ёмғир туфайли Шимолий Қозоғистон деҳқонлари даладан ҳосилнинг 30 фоизини йиғиб ололмаган, Оқмола вилоятида эса атиги 17 фоизини йиғиб олинган.

Фермерларнинг сўзларига кўра, ўтган йили бу вақтда кузги йиғим-терим кампаниясини тугатган бўлсалар, бу йил эса ишга тушишолмаган. Кўпчилик арпанинг ярмини даладан йиғиб олишган, лекин ҳали буғдойни йиғишга киришолмаган. Деҳқонлар ғалла сифатсиз бўлиб, келаси йили уруғсиз қолишидан хавотирда.

«Ёмғирлар дондаги клейковина ва шишасимон моддаларни ювиб кетади, сифат пасаяди, далалар ифлосланади, галла поялари ўсиб, ҳосилни йиғиш қийинлашади», — дейди фермерлар.

Фермерлар фавқулодда ҳолат деб ҳисоблаётган ҳозирги вазият муносабати билан янги қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров қатор чора-тадбирлар кўришни буюрди:

👉 дон қабул қилувчи корхоналар ва донни қабул қилиш бўйича карантин хизматларини кечаю кундуз ишлашга ўтилади;

👉 донни қуритиш учун қўшимча ҳажмда дизел ёқилғиси ажратилади;

👉 Омборларда қолган ўтган йилги дон захираларини уруғлик материали сифатида фойдаланишга яроқлилигини ўрганилади. 2024 йили экиш учун уруғларни алоҳида сақланади;

👉 фермерларга кредит ва лизинг бериш масалаларини батафсил ишлаб чиқиш ва субсидиялар бўйича қарзларни қоплаш масаласини тезлаштирилади;

👉 Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ишчи гуруҳи тузилади ва у республика ҳудудларига сафарбар этилиб, жойларда фермерлар учун юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилади.

«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ноқулай об-ҳаво шароити оқибатларини минималлаштиришга ёрдам беради ва қозоғистонлик фермерларни қўллаб-қувватлайди», — дея умид қилади вазирлик.

Tengrinews.kz «Казидромет»га таяниб хабар беришича, республикада ёмғир 17 сентябргача давом этади, совуқлар кутилмоқда, «шу сабабли шимолий вилоятларда янги ҳосилнинг сифати пасайиб, юқори намлик туфайли буғдойнинг униб чиқиши ёмонлашиши хавфи юқори» бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ёзда қозоқ деҳқонлари қурғоқчиликдан азият чеккан эди. Ўшанда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг аввалги раҳбари Эрбол Карашукеевнинг сўзларига кўра, дон экинларининг 1 фоизга яқини нобуд бўлган.

ℹ️ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сўнгги маълумотларига асосан, 9 сентябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 5 миллион гектар ёки умумий майдоннинг 29,2 фоизи ғалла ҳосили йиғиб олинган. Ҳар гектардан ўртача 9,9 центнердан ҳосил ҳисобига 5 миллион тонна ғалла янчилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ