Қозоғистон ҳукумати моношаҳарларни ривожлантириш учун 2 триллион тенгега яқин маблағ ажратди

Балхаш моношаҳри кўриниши. Қозоғистон Бош вазири сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги ўнта моношаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш учун 1,7 триллион тенге (тахминан 3,7 миллиард доллар) ажратди, деб хабар берди республика Бош вазири Алихон Смаилов.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ўнта аҳоли пунктини ривожлантиришга қаратилган, улар орасида:

✅ Жанатас;

✅ Каратау;

✅ Риддер;

✅ Олтой;

✅ Аркалиқ;

✅ Балхаш;

✅ Житикар;

✅ Лисаковск;

✅ Серебрянск;

✅ Степногорск.

2023-2027 йилларга мўлжалланган ушбу моношаҳарлар ҳолатини яхшилаш бўйича комплекс режаларда соғлиқни сақлаш, спорт, таълим, муҳандислик инфратузилмасини қуриш ва таъмирлаш, замонавий техника сотиб олиш, агротехника объектларини модернизация қилиш каби 608 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Жумладан, ҳокимият Жамбил вилоятининг Жанатас шаҳри эҳтиёжлари учун республика ва маҳаллий бюджетлар, шунингдек бошқа манбалар ҳисобидан уч миллиард тенге (деярли 6,5 миллион доллар) сарфлайди. Худди шу минтақада жойлашган Қоратауни ўзлаштириш учун 50 миллиард тенге (тахминан 108 миллион доллар) сарфланади ва бу маблағларнинг барчаси бюджетдан ташқаридир.

Қўстанай вилоятининг Аркалиқ шаҳрида Маятас кластер конларида геология-қидирув ишлари олиб борилгандан сўнг тоғ-конни қайта ишлаш заводи қурилиши режалаштирилган. Қиймати 315 миллиард тенге (679 миллион доллар) бўлган ушбу лойиҳа 1,2 минг иш ўрни яратиш имконини беради.

Оқмола вилоятининг Степногорск шаҳрида бир қанча лойиҳалар амалга оширилади, улар 3,5 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, қишлоқ хўжалигида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 10 фоизга оширади ва маҳсулот ишлаб чиқаришни 71 миллиарддан (153 миллион доллар) 90 миллиард тенгега (194 миллион доллар) оширади. Бу ерда Давлат дастури доирасида тиббиёт коллежи қурилади, марказий шаҳар шифохонаси капитал таъмирланади, ҳовли ҳудудлари ободонлаштирилади.

Қарағанда вилоятининг Балхаш шаҳрида аэропорт реконструкция қилинмоқда, бу сайёҳлар оқимининг кўпайишига ва ишбилармонлик фаоллигини тўрт баробар оширишга олиб келади. Саноат ишлаб чиқаришининг жисмоний ҳажми индексини 8,5 фоизга, ишлаб чиқариш саноати улушини камида 90 фоизга ошириш, шунингдек қарийб 60 миллиард тенге (122 миллион доллардан ортиқ) инвестицияларни жалб этиш бўйича бизнес лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Смоилов матбуот хизматининг қўшимча қилишича, мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига кўра Миллий иқтисодиёт вазирлиги моношаҳарларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқмоқда. Ҳужжатда мазкур аҳоли пунктларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича саноат зоналари, устувор ривожланиш йўналишлари ва бошқаларни ташкил этишни назарда тутувчи комплекс режалар ўрин олган.

ℹ️ Ҳозирда Қозоғистонда 89 та шаҳар мавжуд бўлиб, улардан 27 таси 1,4 миллион аҳолига эга моношаҳарлардир. Улар республика саноат маҳсулотининг 40% ишлаб чиқаради.

❗️ Моношаҳар — ишлаб чиқаришни меҳнат ресурслари билан таъминлаш мақсадида шаҳар ташкил этувчи корхона ҳузурида ташкил этилган аҳоли пунктидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ