Туркиядан ватанига депортация қилинган туркман блогери узоқ муддатга ҳукм қилинди

Фарҳод Мейманқулиев. tmhelsinki.org сайти фотосурати

Шу йилнинг май ойида Туркиядан Туркманистонга депортация қилинган блогер Фарҳод Мейманқулиев (Дурдиев) ўз ватанида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Туркманистондаги манбаларга таяниб Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) хабар берди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ёзишича, 2 август куни Лебап вилоятининг Гарашсизлиқ туманида яшовчи блогернинг ҳамшаҳари Мейманқулиев 22 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, блогернинг яқинлари суд қаерда ва қачон бўлиб ўтгани, у қайси моддалар бўйича айбдор деб топилганини билишмайди. ТХЖнинг яна бир манбаси Мейманқулиев 18 йилга озодликдан маҳрум этилганини айтган, аммо иш тафсилотларини келтирмаган.

Фарҳод Мейманқулиев 19 май куни Туркманистоннинг Истанбулдаги консуллиги талаби билан Истанбулда қўлга олинган, эртаси куни ўз ватанига депортация қилинган. Ҳамма нарса дам олиш кунлари содир бўлганлиги сабаб, адвокатлар маҳбуснинг олдига ўз вақтида етиб боролмаган ва унинг депортациясини тўхтата олишмаган.

Депортациядан сўнг бошқа туркман блогерлари ва фаоллари орасида Фарҳат гўёки ҳалиям Туркияда экани ва у билан адвокатлар ишлаётгани ҳақида маълумотлар тарқала бошлаган. Бироқ, ТХФ Тузла депортация марказида бўлган ва фуқаролик кийимидаги бир неча киши келиб, шахсий нарсаларини олиб кетишга рухсат бермай, Мейманқулиевни олиб кетишганини кўрган гувоҳнинг ҳикоясига таяниб, бу маълумотни рад этади.

«Фахри маркази жандармерияси бошлиғи биз туркманлардан уни танийсизми, деб сўради. Унинг айтишича, блогер Интерпол қидирувига берилган», — дейди гувоҳ.

Блогернинг адвокати ҳам ушбу маълумотни тасдиқлайди: унинг сўзларига кўра, депортация марказининг маълумотлар базасида ҳибсга олинган Мейманқулиев 2018 йилдан буён ноқонуний равишда Туркияда яшагани ва 2023 йилнинг 20 майида депортация қилингани кўрсатилган.

Туркия миграция бошқармаси ТХФнинг блогер тақдири ҳақидаги сўровига жавоб бермаган.

Фарҳод Мейманқулиев (Дурдиев) туркман режимининг энг кўзга кўринган танқидчиларидан бири саналади. 2020 йилдан бери у Youtube да Туркманистондаги ҳаётни ёритиб келган ва ҳукуматни, жумладан Бердимуҳамедовларнинг отаси ва ўғлини қаттиқ танқид қилган видеороликларини чоп этиб келган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди