Жидда шаҳрида Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Президентлар нималарни таклиф қилишди?

Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг биринчи саммити иштирокчилари. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

19 июль куни Жидда шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг (КАДҲК) биринчи саммити бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон президентлари, бир томондан Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Қувайт, Уммон ва Баҳрайн вакиллари, шунингдек Кўрфаз араб давлатлари кенгаши бош котиби Жассим Муҳаммад ал-Будаивий иштирок этди. Саммитга Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислик қилди.

Кун тартибида конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев:

👉 бизнес вакиллари иштирокида инвесторлар қўшма кенгашини ташкил этиш, биринчи йиғилишни Самарқандда ўтказиш таклиф этди;

👉 Кўрфаз араб мамлакатлари билан эркин савдо ҳудудини яратиш долзарблигини таъкидлади;

👉 Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақамиз билан боғлайдиган Транс-Афғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирди.

👉 «Кўрфаз – Марказий Осиё» ягона визасиз туристик маконини ташкил этиш ва Хивада икки минтақанинг етакчи туроператорлари форумини ўтказиш таклиф этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қуйидагиларни таклиф қилди:

▶️ Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфаз араб давлатларининг қўшма савдо палатасини ташкил этиш;

▶️ 2024 йили Туркманистонда икки минтақа давлатларининг биринчи инвестиция форумини ташкил этиш;

▶️ «Марказий Осиё – КАДҲК форматидаги мамлакатларнинг қўшма Экология кенгаши ва Транспорт қўмитасини ташкил этиш;

▶️ доимий фаолият юритувчи механизм – Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ташкил этиш.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қуйидаги таклифларни илгари сурди:

👉 Кўрфази араб давлатларининг Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва лойиҳа қуввати 1860 МВт бўлган Қамбар-Ота-1 ГЭС қурилишида иштирок этиши;

👉 икки минтақа ичида визасиз зона ташкил этиш;

👉 пойтахтлар ўртасида мунтазам авиақатновларни кенгайтириш ва қўшма туристик йўналишларни ривожлантириш;

👉 2024 йил ёзида Иссиқкўл қирғоғида «МО – КАДҲК» форматидаги биринчи инвестиция форумини ўтказиш.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида икки минтақа қишлоқ хўжалиги вазирлари ўртасида учрашувлар механизмини яратишни таклиф қилди ва қуйидагиларга тайёрлигини маълум қилди:

▶️ ўзаро савдо турларини кўпайтириш;

▶️ КАДҲК давлатларининг йирик энергетика компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

▶️ Қозоғистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги халқаро энергетика форумида КАДҲК мамлакатлари нефть ва газ экспортчилари билан учрашиш.

▶️ туристик маҳсулотни ўзаро тарғиб қилишни ривожлантириш.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон «Кўрфаз – Марказий Осиё» формати доирасида ихтисослаштирилган сармоя ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этишни таклиф қилди. У, шунингдек КАДҲК давлатлари ва уларнинг молиявий институтлари Марказий Осиё республикасидаги гидроэнергетика лойиҳаларига сармоя киритишига умид билдирди.

ТАСС хабарига кўра, саммитда беш йилга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

«Биз Ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганини олқишлаймиз. Бу сиёсий барқарорлик, мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ва сармоя соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари устида ишлашни ўз ичига олади», — деди Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд. У саммит иштирокчиларини энергия хавфсизлиги ва глобал озиқ-овқат таъминоти занжирларининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди.

Саммит якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди, унда жумладан имзолаган томонлар икки минтақани боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш ниятида экани айтилади.

Бундан ташқари, саммит иштирокчилари яшил энергия, рақамли иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

«Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» форматидаги давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви Самарқандда бўлиб ўтади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди