Туркманистонда Аркадаг туғилган куни унинг номи билан аталувчи «ақлли шаҳар» очилди

Аркадагнинг очилиш маросимида. turkmenistan.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистонда республика президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирокида 29 июнь куни мамлакатдаги илк «ақлли шаҳар» Аркадагнинг очилиши шарафига тантанали тадбирлар бошланди, деб хабар беради давлатга қарашли «Туркменистан-Золотой век» («Туркманистон-олтин аср») нашри.

Маросим иштирокчилари дастлаб ўртасида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Ахалтеке отининг қиёфаси жойлашган «Акхан» ҳайкали ёнига йиғилишди. Ёдгорлик ёнидаги майдонда хореографик жамоалар чиқиш қилди, бу ердаги фавворалар фойдаланишга топширилди.

Шундан сўнг давлат раҳбари ва меҳмонлар Аркадағнинг Бош майдонига йўл олишди ва у ерда тантанали руҳда, давлат мадҳияси садолари остида Туркманистон байроғини кўтариб, «Аркадаг» монументини очдилар.

«Туркменистан-Золотой век» нашрига кўра, янги шаҳар қиёфасида миллий меъморчилик анъаналари ҳамда меъморчилик ва дизайндаги замонавий йўналишлар уйғунлашган. Аҳоли пункти инфратузилмаси халқаро стандартларга жавоб беради, жумладан экологик соҳада ҳам аҳолига максимал қулайлик яратади. Шаҳар кўчаларида экологик тоза транспорт турлари – электробуслар ва электр таксилар ҳаракатланади.

«Шундай қилиб, Аркадаг шаҳарсозлик ва муҳандислик-техник фикр дунёсидаги энг янги ва энг илғор нарсаларни ўзида мужассам этган»,дея хулоса қилади нашр.

Худди шу куни, 29 июнь куни шаҳар телеканали эфирни бошлади ва «Аркадаг» деб номланган газетанинг биринчи сони нашр этилди.

Туркманистондаги шаҳарнинг очилиш маросимига 14 давлат ва 12 халқаро ташкилот, жумладан, БМТ, ЕХҲТ, ЮНEСКОдан меҳмонлар келиши ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

«Азатлиқ» радиоси (Озодлик” радиосининг Туркманистон бюроси, Россия Федерациясида хориж агенти сифатида тан олинган) янги шаҳардаги байрамларда иштирок этиш учун мамлакатнинг барча вилоятларидан оқсоқоллар ва 40 ёшгача бўлган давлат хизматчилари олиб келингани ҳақида хабар берди. Хизматчилар қора костюм, оқ кўйлак кийиб, мўйлов ва соқолларини олишлари керак эди. Бундан ташқари, журналистларнинг фикрига кўра, давлат ташкилотлари ходимлари бундай «иш сафарлари» учун маблағлари ўз ҳисобидан тўлашган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Аркадағнинг очилиши 29 июнда, республиканинг собиқ президенти, ҳозирда расмий равишда Аркадаг (туркманчадан «ҳомий» деб таржима қилинган) унвонига эга бўлган парламент раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган кунида бошланган. Бугун у 66 ёшни қаршилаган.

Бироқ, Аркадагнинг ўзи байрамда иштирок этолмаган, чунки маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов давлат делегациясини бошқарган ҳолда Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини адо этиш учун жўнаб кетган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди