Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 5 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида 9 июль куни бўлиб ўтадиган мамлакат президентлигига муддатидан илгари сайловда иштирок этадиган тўрт нафар номзодни рўйхатга олди.
Сайлов бюллетенларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) томонидан кўрсатилган амалдаги президент Шавкат Мирзиёевдан ташқари:
👉 Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов;
👉 «Адолат» социал-демократик партиясидан Робахон Махмудова;
👉Экология партиясидан Абдушукур Ҳамзаев номзоди кўрсатилади.
Парламентдаги бешинчи «Миллий тикланиш» партияси Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб, ўз номзодини кўрсатмасликка қарор қилди. Шундай қилиб, ушбу сиёсий ташкилот давлат бюджетининг бир неча юз минг АҚШ долларини тежаб қолди: умумпартия тадбирлари ва савловолди ташвиқот кампанияларини ўтказиш учун бу гал 19,655 миллиард сўм (1,65 миллион доллар) ажратилган ёки рўйхатга олинган тўрт нафар номзоднинг ҳар бирига 4,914 миллиард сўм (428 минг доллар) дан тўғри келади. Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун умумий харажатлар 174,13 миллиард сўмни (15 миллион доллар) ташкил этади.
Сайловлар жорий йилнинг 1 майидан кучга кирган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин эълон қилинди. Унда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган. Шу тариқа, июль ойида қайта сайланган Шавкат Мирзиёев мамлакатни камида 2030 йилгача бошқаради.
Сайлов кампаниясига 10 майдан старт берилди. Сайловолди ташвиқотлари 7 июндан бошланади.