Ўзбекистон ҳукумати «Чиқиндиларни оммавий йиғиш» умуммиллий ҳаракатини ташкил этади

anews.az сайти фотосурати

Ўзбекистонда 1 июлдан «Чиқиндиларни оммавий йиғиш» умуммиллий ҳаракати иш бошлайди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳаракатни ташкил этиш Президентнинг 31 май куни имзоланган «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра,

Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб ўзгартирилди.

Вазирлик томонидан алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экология назорати инспекцияси ташкил этилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди.

1 июлдан Ўзбекистонда «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича жамоат назоратчиси» тизими ишлай бошлайди. Мамлакатда 2024 йил охиригача:

▶️ республиканинг барча ҳудудлари экологик баҳолаш кўрсаткичлари асосида eco-indicator.uz рейтинги шакллантирилади;

▶️ ҳар бир вилоят экологик паспорти чоп этилади;

▶️ Миллий табиий мерос объектлари рўйхатини тузилади.

2024 йилдан бошлаб давлат томонидан ҳар йили қуйидагиларга 500 миллиард сўм (44 миллион доллар) ажратилади:

👉 «яшил белбоғ», «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лар ҳамда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва доимий фойдаланувчига топширилгунга қадар сақлаб туриш;

👉 асосий темир йўл ва магистрал автойўллар бўйида дарахт кўчатларини экиш;

👉 ҳар бир туман ва шаҳарда 5 гектардан кам бўлмаган майдонларда боғлар барпо этиш.

2023 йил охирига қадар ҳар бир давлат ташкилоти ва ҳар бир ҳокимлик ўз боғларини яратиши керак.

1 декабрга қадар Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарларида атмосфера ҳавоси ифлосланишини фон мониторинги учун автоматлаштирилган подстанциялар ўрнатилади. 2025 йил охиригача тажриба тариқасида ҳавонинг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудлар аҳолисини прогнозлаш ва эрта огоҳлантириш тизими жорий этилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади.

✅ Фармонга мувофиқ, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ