Туркманистон ҳукумати қариндошлари судланган фуқароларнинг давлат ҳисобидан Ҳажга боришини рад этади

kbrria.ru сайти фотосурати

Туркманистонда судланган қариндошлари бўлган фуқароларга ҳукумат давлат ҳисобидан Ҳажга, Макка зиёратига боришига рухсат бермайди. Бу ҳақда «Азатлиқ» (Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабар берди.

«Бўлажак зиёратчилар қариндошларининг уч авлоди судланмаганлигини тасдиқловчи «уч арка» сертификатини тақдим этишлари керак. Агар уларнинг қариндошлари орасида камида битта қамоқ жазосини ўтаган шахс бўлса, у рўйхатга киритилмайди», — дейди зиёратчилар рўйхатини тузиш билан шуғулланувчи мутахассислардан бири «Азатлиқ»га.

Маккага сафар қилиш учун мурожаат қилишда фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатида коронавирусга қарши тўртта эмланганлик сертификати ҳам бор. Бундан ташқари, аризачи қариндошлари қайси қабристонларда дафн этилганлиги борасида маълумот бериши керак.

Ҳукуматнинг айрим талабларига жавоб бермайдиган номзодлардан айримлари пора билан масалани ҳал қилмоқчи бўладилар. Шу тариқа, «Азатлиқ» хабарига кўра, маҳкум қариндошларининг йўқлиги тўғрисида сохта маълумотнома 30 минг манат (расмий курс бўйича 8500 доллар ёки қора бозор курси бўйича 1500 доллар) пора эвазига берилиши мумкин.

Саудия Арабистони ҳар йили Туркманистонга 2000 дан ортиқ Ҳаж квотаси беради. Туркманистон ҳукумати давлат ҳисобидан бир неча юз кишини ҳаж зиёратига жўнатади. Масалан, 2019 йили давлат кўмагида 160 нафар Туркманистон фуқароси Ҳажга учган бўлса, 2022 йили уларнинг сони 275 нафарга етган.

Туркманистон аҳолиси сайёҳлик агентликлари орқали ҳам Ҳаж сафарига бориши мумкин. Айни пайтда махсус хизматлар давлат ҳисобидан Ҳажга борадиганларни ҳам, ўз ҳисобидан борадиганларни ҳам синчиклаб текширади. Расмийлар ишончсиз деб ҳисоблаган шахс ҳатто самолётга чиқиш пайтида рейсдан олиб ташланиши мумкин.

ℹ️ Маълумки, Ҳаж сафари исломнинг беш арконидан бири бўлиб, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида – Ҳижрий қамарий тақвимнинг 12 ойида амалга оширилади. 2023 йили Ҳаж 26 июндан 1 июлга тўғри келади. Ҳажнинг учинчи куни мусулмонлар Қурбон ҳайитини нишонлайдилар.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди