Туркманистонда тўрт нафар сиёсий маҳбус БМТдан ҳақсизликлардан ҳимоя қилишларини сўраб мурожаат қилган

Сиёсий маҳбуслар мактуби. Turkmen.News сайти фотосурати

Туркманистоннинг тўрт нафар сиёсий маҳкуми БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонасига мактуб йўллаб, уларни қонунбузарликлардан ҳимоя қилишларини сўраган. Бу ҳақда колониядан келган мактубни YouTube даги каналида кўрсатган журналист Алламират Раҳимовга таяниб, Turkmen.News нашри хабар беради.

Мактуб муаллифлари Алламират Корханов, Мират Душемов,Нургелди Холиқов ва Мират Овезовлар уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари «руҳий ва жисмоний босим ёрдамида олингани», улар фаол фуқаролик позициясини намоён этгани учун ноқонуний равишда ҳукм қилинганини таъкидлайди. Имзоловчилар сақланаётган LB-E/12 жазони ижро этиш муассасасида уларнинг ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилмоқда. Хусусан, уларга яқинлари билан учрашиш ва қўнғироқ қилиш тақиқланган, улар худди шундай моддаларга эга ва муқаддам судланган маҳкумлардан фарқли ўлароқ афв этиладиганлар рўйхатига киритишмаган.

«Биз БМТ вакилларидан шахсан учрашиб, ушбу қонунбузарликларни бартараф этиш, шунингдек инсоний ва фуқаролик ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишда ёрдам сўраймиз», — дейилади сиёсий маҳбуслар мактубида.

Turkmen.News хабарига кўра, Алламират Корханов «Туркманистон демократик танлови» (ДВТ) мухолифат ҳаракати учун видеоролик юборгани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Унга нисбатан Туркманистон Жиноят кодексининг 108-моддаси («Қасддан соғликка ўртача оғирликда зарар етказиш») бўйича иш қўзғатилган.

Мират Душемов ҳам Туркманистондаги коронавирус эпидемиясини яширишга бўлган уринишларни интернетда танқид қилгани учун худди шундай жазога тортилган. Унга нисбатан товламачилик ва баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш бўйича иш қўзғатилган.

Мират Овезов фирибгарликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган, лекин аслида — YouTube каналида Туркманистонда коронавирус мавжудлиги ҳақидаги шеърлари ва мамлакатдаги оғир иқтисодий вазиятга доир ҳикоялари учун қамалган.

Нургелди Холиқов Туркманистонга коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун келган ЖССТ делегацияси аъзоларининг ижтимоий тармоқларда топилган фотосуратларини Turkmen.News таҳририятига юборган. 2020 йили у «фирибгарлик» моддаси бўйича тўрт йилга қамалган.

Аввалроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТнинг турли қўмиталари аъзолари Туркманистон президентига Холиқовни зудлик билан озод қилиш ҳақида баёнотлар билан бир неча бор мурожаат қилган. 2021 йили Гурбангули Бердимуҳамедовга АҚШнинг учта сенатори ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Холиқов ва бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватловчи мактуб ёзган эди. Бироқ, Туркманистон расмийлари нафақат мурожаатларга жавоб беришмаган, балки Turkmen.News хабарига кўра, улар тўрт нафар маҳбуснинг ҳаммасига босим ўтказишни давом этишмоқда. Масалан, ҳар сафар ОАВда унинг иши уйдирма экани ҳақидаги масала кўтарилганида Холиқов жазони ўташ камерасига жўнатилади.

ℹ️ Туркманистонда миллий байрамлар ва муҳим саналар арафасида мунтазам равишда оммавий амнистия ва афв этиш актлари ўтказиб келинади. Энг сўнгги афв тўғрисидаги фармон шу йилнинг апрель ойида Gadyr gijesi (Қадр кечаси) шарафига чиқарилган эди. 2017 йилдан буён мамлакатда 20 мингдан ортиқ маҳкум афв этилган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди