Туркманистон ҳукумати Туркиянинг қизил рангдаги электромобилларини рад этиб, оқ рангини сўради

TOGG русумли электромобиль. dijitaltekerlek.com сайти фотосурати

Туркманистон Туркиядан оқ рангдаги TOGG электромобилларини юборишни сўради. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Коняалти шаҳридаги TOGG кўргазма майдонига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради Туркия президентининг расмий сайти.

Чавушўғлининг сўзларига кўра, у Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан телефонда гаплашган ва ҳамкасби айнан оқ рангли машиналарни сўраган.

«Қўлимизда қизил рангли машиналар бор, агар керак бўлса, уларни ҳозир жўнатишимиз мумкин. Оқлари бир ой ичида тайёр бўлади, кейин уларни сизга юборамиз, — дея Чавушўғли Мередов билан суҳбатини келтиради.

Чавушўғли, шунингдек 4 апрель куни қизил рангли TOGG T10X кроссовери Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга топширилганини айтиб, автомобиллар нафақат Туркманистон, балки Ўзбекистонга ҳам юборилишини таъкидлади.

Афтидан, Туркманистон оқ электромобилларни кутишга тайёр, чунки Чавушўғли таъкидлаганидек, мамлакатда «оқ рангга талаб» бор.

Туркманистонда бир неча йиллардан бери қора ва бошқа тўқ рангдаги автомобиллар сўзсиз тақиқ остида. Тақиқ ҳеч қандай ҳужжатда ёзилмаган, бу масала расмий оммавий ахборот воситаларида кўтарилмаган. Туркманистонда автоуловчиларга қўйилган бошқа норасмий чекловлар орасида машина ҳайдаётган аёлларга ва Ашхободга киришга уринаётган вилоятлик одамларга босим ўтказилилиши мавжуд.

Туркиянинг Бурса шаҳрида қурилган Togg заводининг очилиш маросими ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, ҳар йили 175 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилишини, 2030 йилда эса ишлаб чиқариш бир миллиондан ошишини айтди. Чавушўғли таъкидлаганидек, дунёда, хусусан, туркий давлатларда Togg автомобилларига қизиқиш катта.

Апрель ойи бошида биринчи электр транспорт воситалари конвеердан чиқди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон TOGG автомобилининг биринчи эгаси бўлди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, биринчи TOGG электромобилининг яратилиши ва ишлаб чиқилиши, шу билан бирга унинг бугунги даражага етиши мамлакатнинг технологик ва иқтисодий тараққиёти, унинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори рамзи ҳисобланади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди