Аркадаг шаҳри қурилиши Туркманистонга қарийб 5 миллиард долларга тушади

Гурбангули Бердимухҳмедов. france24.com сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати Аҳал вилоятининг янги маркази – республиканинг собиқ президенти, ҳозирги Халқ Маслаҳати Миллий Генгеш (Туркманистон парламентининг юқори палатаси) раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига номланган Аркадаг шаҳрини қуриш учун мамлакат бюджетидан 5 миллиард долларгача маблағ сарфлайди. Бу ҳақда France24 хабар берди.

Француз нашри Давлат қурилиш қўмитаси раҳбари Дярегелди Оразовга таяниб, Аркадаг қурилишининг биринчи босқичи 3,3 миллиард долларга, иккинчи босқичи эса яна 1,5 миллиард долларга баҳоланаётгани, «лекин аниқ харажат шаҳарни ривожлантиришнинг иккинчи босқичини қуриш учун тендер эълон қилинганидан кейин маълум бўлиши»ни таъкидлайди.

Шундай қилиб, Аркадаг қурилишига камида 4,8 миллиард доллар сарфланади.

«Хроника Туркменистана» нашрининг ёзишича, Туркманистон ҳукумати фақат импорт қилинадиган қурилиш материалларини сотиб олишга 2,76 миллиард доллар сарфлайди.

Аркадаг қурилиши 2019 йил апрель ойида бошланган. Шаҳар ободонлаштиришнинг биринчи босқичи объектларининг тантанали очилиш маросими яқин кунларда ўтказилиши ваъда қилинган. Режаларга кўра, смарт-сити — «ақлли шаҳар» бўлиши керак. Унда электробуслар ва электромобиллар ҳаракатини ташкил қилинади, қуёш панеллари, шамол турбиналари ўрнатилади.

Ўтган йил декабрь ойида Гурбангули Бердимуҳамедов республика Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Рашид Мередовга янги шаҳарни Гиннеснинг рекордлар китобига «минтақадаги энг йирик, ноёб ва гўзал шаҳар» сифатида киритиш масаласи билан шуғулланишни топширган эди.

Илгари Ахал вилоятининг маъмурий маркази Ашхобод бўлган, кейин эса у алоҳида маъмурий бирлик таркибига олинган. Ҳозир вилоятнинг пойтахти Ашхободдан саккиз километр узоқликда жойлашган Аннау шаҳридир.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди