Туркманистон фуқароларининг ватанга қайтиш кафолат хатисиз Қозоғистонга бориши тақиқланди

ТУРКМАНИСТОН ЧЕГАРА НАЗОРАТИ ПУНКТИДА. "АЗАТЛИК" САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Туркманистон ҳукумати Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган фуқаролардан ўз ватанига қайтиш мажбуриятига доир кафолат хатини талаб қила бошлади. Бу ҳақда «Азатлик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабар берди.

Янгилик март ойи бошида жорий этилган бўлиб, фуқаролар бу ҳақда чегара пунктига келганидан кейингина – Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) ва миграция хизмати ходимлари томонидан ҳужжатларни текшириш вақтида билиб олишади.

Кафолат хати бюджет ташкилотида ишлайдиган яқин қариндоши номидан ёзилиши ва нотариал тасдиқланиши керак.

Чегара назоратида янги талаб Қозоғистон орқали Россия, Туркия ва Европа давлатларига жўнатилаётган ватандошлар сонининг кўпайиши билан изоҳланади. Айни пайтда, ҳар бир кетган туркман фуқаросининг ватанига қайтиши учун жавобгарлик Миллий хавфсизлик вазирлиги ва миграция хизмати ходимлари зиммасига юклатилгани боис фуқароларнинг чегарадан фақат кафолат хати асосида ўтишига қарор қилинган.

«Қозоғистонга ойлик виза билан кетган фуқароларимизнинг қарийб учдан бир қисми бу давлатдан учинчи давлатларга кетишга муваффақ бўлган. Қозоғистон қонунчилиги ойлик виза билан келган хорижликларга виза олиш учун бошқа давлатлар элчихоналарига мурожаат қилиш ва ушбу мамлакатларга саёҳат қилиш имконини беради. Туркманлар ҳам бу имкониятдан фойдалана бошлади»,деб тушунтирди миграция хизмати ходими «Азатлик» манбасига.

Туркманларга кўра, кафиллик хати бериш учун бир неча идоралардан маълумотнома олиш керак, бу эса камида бир ҳафта давом этади.

«Бюджет ташкилотида ишлайдиган қариндоши ўз раҳбариятидан ва бўлимнинг этрап (туман) бўлимидан рухсат олиши керак. Фақат шу рухсатномалар асосида нотариус кафолат хати бериши мумкин», — деди Болқон велаяти (вилояти) резиденти.

Шу билан бирга, ойлик даромади камида 2000 манат (давлат курси бўйича 571 доллар ёки қора бозор курси бўйича 105 доллар) бўлган давлат хизматчисигина кафил бўлиши мумкин. Агар кафолат хатида кўрсатилган саёҳатчи ўз вақтида уйига қайтмаса, кафил ишдан бўшатилиши мумкин.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди