Деярли 15 мингга яқин туркман фуқароси депутат бўлишга қарор қилган

turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистонда 26 март куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашлари (халқ маслаҳати ва генгешлари) депутатлари сайловига 14 872 нафар номзод кўрсатилган ва рўйхатга олинган. Бу ҳақда Turkmenportal хабар берди.

Жумладан, республика парламенти депутатлари сайловида иштирок этиш учун 258 нафар номзод, вилоятлар халқ маслаҳати аъзолигига ва Ашхобод шаҳар халқ кенгаши депутатлигига 515 нафар, этрап (туман) ва шаҳар халқ маслаҳати аъзолигига 2001 нафар номзод, генгешга 12 098 киши рўйхатга олинган.

Туркманистон мустақиллигининг илк кунларидан буён энг кўп номзодлар ҳукмрон Демократик партия томонидан – 6241 даъвогар илгари сурилган. Аграр партиядан 3577 нафар, Саноатчилар ва тадбиркорлар партиясидан 523 нафар номзод кўрсатилган. Яна 4531 нафар номзод фуқаролар ташаббускор гуруҳлари томонидан кўрсатилган.

Нашрнинг аниқлик киритишича, давогарлар орасида иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги малакали мутахассислар, турли касб ва миллат вакиллари ҳам бор.

Туркманистондаги сайловларда овоз бериш жараёни Марказий сайлов комиссиясининг saylav.gov.tm сайти орқали онлайн трансляция қилинади. Республика президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, «бу бутун дунёга мамлакатда бўлиб ўтаётган сайловлар очиқ, ошкора ва демократик ўтганини намойиш этади».

Вилоят халқ маслаҳатига 240 та сайлов округида, этрап ва шаҳар халқ маслаҳатига 960 та, генгеш депутатларига 5897 та сайлов округида сайловлар ўтказилади. Овоз бериш учун 2644 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Туркманистонда умумий ҳисобда сайлов ҳуқуқига эга 3,5 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган.

Овоз бериш 26 март, якшанба куни соат 07:00 дан 19:00 гача барча сайлов участкаларида, шу жумладан Туркманистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида очилган сайлов участкаларида бўлиб ўтади. Овоз бериш жараёнини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари кузатиб боради.

Шу билан бирга, «Хроника Туркменистана» хабар беришича, мамлакат аҳолиси сайловларга қизиқмайди ва парламент ўринларига даъвогарлар ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Сайловчилар номзодлар дастурлари билан улар билан учрашувларда танишишлари мумкинлиги ҳақида ТДҲ давлат ахборот агентлиги хабар берди. Лебап вилоятида бу йиғилишлар ҳокимликларнинг мажлислар залларида ўтказилади. Аммо уларни ёпиқ деб аташ мумкин — унга фақат таклифнома орқали кириш мумкин. Ушбу тадбирлар иштирокчиларининг рўйхатлари маҳаллий ҳокимлик томонидан тасдиқланади. Йиғилишларга оқсоқоллар, маданият ходимлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат мукофотлари соҳиблари, қишлоқ бирлашмалари архинлари (раҳбарлари) таклиф этилади.

АҚШ Давлат департаментининг Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича яқинда эълон қилган ҳисоботида айтилишича, мамлакатдаги ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари Бердимуҳамедовлар оиласи назорати остида ва ҳукумат тўсиқлари туфайли ЕХҲТ кузатувчилар миссияси мамлакатга кира олмаган ва сайлов жараёнини кузатолмаган. Бундан ташқари, ҳисоботда республикада ўнлаб ҳуқуқбузарликлар ва инсон ҳуқуқлари камситилиши фактлари санаб ўтилган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди