Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирларини рус тилини яхши билиши учун шахсий даромад солиғидан чегирма билан рағбатлантиришни таклиф қилди. Бу ҳақда 22 март куни Давлат Думасида бўлиб ўтган йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди, дея хабар қилади «Парламентская газета».
Вазирлик муҳожирларни рус тилини яхшироқ билишга ундаш мақсадида тил рейтингини жорий этиш ғояси билан чиққан. Хорижий ишчилар қуйидагилар учун балл тўплаш таклиф қилинади:
👉 хорижда рус тилида олинган таълим;
👉 келишдан олдинги тайёргарликдан ўтиш;
👉 рус тили ва рус тарихидан имтиҳон ёки халқаро имтиҳон (TORFL) топшириш;
👉 тил курсларига бориш;
👉 Рус тилидан фаол фойдаланиш билан боғлиқ ишлар.
Рус тили, Россия тарихи ва мигрантлар учун қонунчилик асосларини билиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, «белгиланган аванс тўлови шаклида тўланадиган жисмоний шахснинг даромад солиғига чегирма коэффициентини киритиш» таклиф қилинмоқда.
Рус тилини базавий даражада билиш учун 10 фоиз, ўрта даража учун – 15 фоиз, энг юқори даража учун – 20 фоиз, рус тилида ўз она тилидай сўзлаш учун – 50 фоиз чегирма белгилаш таклиф қилинмоқда.
Рейтинг мигрант Россияда идентификация картасини олганидан кейин бир ойдан уч ой ўтгач қўлланилиши мумкин.
Агар рейтинг паст бўлиб чиқса, мигрант ҳар ой давлатга «мослашув тўлови» – бошқача қилиб айтганда жарима тўлаши шарт бўлади. Дастлаб, тўлов миқдори 1000 рубль бўлиши мумкин ва агар чет эллик бир йил ичида ўз рейтингини яхшилай олмаса, миқдор оширилади. Бу хориж фуқаросини рус тилини ўрганишга ундайди ва унинг рейтингини оширади, деб тушунтиради ИИВ.
Агар мигрант Россия Федерацияси қонунчилигини бузган бўлса, унинг тил рейтинги нолга тенглаштирилиши мумкин.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги меҳнат мигрантлари учун патентнинг амал қилиш муддатини 12 ойдан 36 ойга оширишга тайёр экани ҳақида хабар берганди. Вазирлик, шунингдек ҳукуматга визасиз режимда келган хорижликларнинг қисқа вақт муддатини кучайтиришни таклиф қилди: агар бугун улар Россияда ҳар 180 кунлик (ярим йил) муддат ичида жами 90 кун қолишлари мумкин бўлса, кейин тегишли қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, уларнинг қолиш муддати календар йилининг 90 куни билан чекланиши мумкин.