ЕХҲТ: Қозоғистондаги парламент сайловларида шаффофлик етишмади

bizmedia.kz сайти фотосурати

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) сайловларни кузатиш бўйича халқаро миссияси (СБХМ) баёнотида айтилишича, 19 март куни Қозоғистон парламенти ва маҳаллий органларга сайловлар умуман муаммосиз ўтган бўлса-да, анчагина процессуал қонунбузарликлар кузатилган.

Миссия Қозоғистон қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) бир қанча тавсияларини инобатга олгани ва сайловчилар учун танлов имкониятларини кенгайтирганини, бироқ қатор чекловлар сақланиб қолинаётганини таъкидлади. Жумладан:

👉 айрим сиёсий гуруҳларга ҳали ҳам сиёсий партия сифатида сайловларда иштирок этишга рухсат берилмаган;

👉 турли маъмурий тўсиқлар ўзини-ўзи кўрсатган бир қатор номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш имкониятлари тенглигига салбий таъсир кўрсатган;

👉 рўйхатга олишни бекор қилиш амалиёти номзодлар учун уларнинг сайловолди танловларида кейинги иштирокида ноаниқликни келтириб чиқарган;

👉 суд қарори билан ногирон деб топилган интеллектуал ёки психологик нуқсонлари бўлган шахслар, шунингдек, барча маҳкумлар халқаро меъёрларга зид равишда сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган;

👉 Номзодлар учун 10 йиллик резидентлик талаби ҳам халқаро стандартларга тўғри келмайди.

Миссия сайловолди ташвиқотининг оммавий ахборот воситаларида юзаки ёритилиши, танқидий хабарлар деярли йўқлиги, рақобатчилардан кўра ҳукмрон Amanat партиясига кўпроқ материаллар ажратилгани, рекламанинг катта қисмини айнан бир сиёсий ташкилот қўлга киритганини таъкидлайди.

Сайлов комиссиялари таркибида Amanat вакиллари устунлик қилган. Овозларни санаб чиқиш ва якунлаш жараёнида кўпинча муҳим хавфсизлик чораларига эътибор берилмаган, бу жараён шаффофлигига путур етказган.

Кузатувчилар миссияси кузатган 128 сайлов участкасининг 58 тасида муҳим процессуал хато ва камчиликларни, шунингдек, маълумотларни солиштириш тартиб-қоидаларига эътибор бермасликни қайд этган.

Ҳудудий ёки маҳаллий миқёсда ажратилган сайлов натижалари эълон қилинмагани жараённинг шаффофлигига янада путур етказган.

«СБХМ кузатувчилари доимий равишда овоз берган сайловчилар сони ва расман эълон қилинган сайловчиларнинг дастлабки кўрсаткичлари ўртасидаги тафовутни қайд этишди. Умуман олганда, овозларни санаш жараёни 1990 йили ЕХҲТ Копенгаген ҳужжатининг 7.4-бандига мувофиқ, бюллетенлар ҳалол ҳисобланганми ва рўйхатга олинганми деган саволлар туғдирди», — дейилади ЕХҲТ миссияси баёнотида.

Ҳужжатда таъкидланганидек, 5 та ҳолатда СБХМ назорати остидаги ҳудудий сайлов комиссиялари фаолиятида муҳим процессуал хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Икки ҳолатда баённомаларни атайлаб қалбакилаштириш кузатилган, 16 ҳолатда техник ходимлар участка сайлов комиссияси баённомаси маълумотларини натижаларнинг умумлаштирилган жадвалига киритмаган. Баёнотда 19 март куни бўлиб ўтган сайловлардаги қонунбузарликларга оид бошқа мисоллар келтирилади.

ℹ️ СБХМ таркибига Остонадаги 14 нафар эксперт ва Қозоғистон бўйлаб жойлаштирилган 32 нафар узоқ муддатли кузатувчи киради. Сайлов куни 42 мамлакатдан 404 нафар кузатувчи, жумладан ДИИҲБ томонидан 32 та узоқ муддатли ва 281 та қисқа муддатли кузатувчи, шунингдек, 77 аъзодан иборат ЕХҲТ ПА делегацияси иштирок этган. Мамлакат бўйлаб 1201 та сайлов участкасида овоз бериш, 128 та сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш, 47 та сайлов участкасида овоз бериш жараёни кузатилган.

Қозоғистон парламенти қуйи палатасига муддатидан олдин сайловлар аралаш тизим бўйича ташкил этилган: депутатларнинг 70 фоизи партия рўйхати бўйича, 30 фоизи бир мандатли округларда сайланади. Сайловда расман рўйхатдан ўтган етти партиянинг барчаси иштирок этган: ҳукмрон Amanat, Қозоғистоннинг «Ақ жол» демократик партияси, Қозоғистон Халқ партияси (ҚХП), «Ауил» халқ демократик ватанпарвар партияси, «Байтак» Қозоғистон яшил партияси, Respublica ва мухолифатдаги Умуммиллий социалистик-демократик партия (УСДП).

Қозоғистонда сайловчиларнинг 54,19 фоизи иштирок этган, 72,54 фоизи (8800 киши) хориждаги дипломатик ваколатхоналарда овоз берган. Экзит-полл натижаларига кўра, 5 фоизлик тўсиқдан ўтган олти партия парламентга кирган: Amanat (53,46 фоиз), «Ауил» (10,52 фоиз), Respublica (8,90 фоиз), «Ак жол» (7,87 фоиз), ҚХП (6,25 фоиз) ва УСДП (5,31%).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ