Қозоғистон Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати республика собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоевга қимматли қоғозлар олди-сотди шартномаларидан бири ҳақиқий эмаслини боис Олмаота оғир машинасозлик заводи (ООМЗ) акцияларининг деярли 32 фоизини давлатга қайтариб беришни буюрди. Бу ҳақда Informburo.kz хабар берди.
Иш материалларига кўра, 1998 йил февраль ойида мамлакат Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки департаменти ООМЗ давлат улушини (31,9 фоиз акцияси) «Темир кон»га 105 миллион тенгедан ортиқ (ўша пайтдаги курсга кўра 1,4 миллион долларга яқин) сотган. Шу билан бирга, томонлар шартнома тузадилар, унга кўра корхонанинг янги ҳаммуаллифи завод профилини сақлаб қолиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мажбуриятини олади.
2007 йили «Темир кон» ўзининг 86,78% акцияларини, жумладан давлат улушини Болат Назарбоевга сотган. Икки йил ўтиб, Назарбоев 1998 йилги келишувда кўрсатилган талабларни бажармаса, қимматли қоғозларнинг бир қисмини давлат мулки департаментига қайтаришни назарда тутувчи шахсларни ўзгартириш тўғрисида шартнома имзоланади.
Кейинчалик Назарбоев ООМЗ акцияларини бошқа корхона — ТОО PLS-TM МЧЖга сотади. Аммо шу билан бирга, у ўз мажбуриятларини заводнинг янги эгаларига ўтказмайди. Олий суд тадбиркорнинг мажбуриятларни топшириш бўйича келишувисиз бундай битим тузишга ҳақли эмаслигини таъкидлайди.
«Болат Назарбоев ва ТОО PLS-TM МЧЖ ўртасида 2009 йил 2 апрелдаги «Олмаота оғир машинасозлик заводи» АЖ устав фондининг 31,9 фоизини ташкил этувчи оддий номдаги акцияларини сотиш бўйича тузилган қимматли қоғозларни олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилсин. Томонлар асл ҳолатга келтирилиши лозим. Болат Назарбоев зиммасига завод устав капиталининг 31,9 фоизи миқдоридаги ООМЗ АЖнинг оддий акцияларини давлат мулкига қайтариш мажбурияти юклансин», — дейилади Олий суд қарорида.
Сўнгги пайтларда Болат Назарбоев яна бир қанча активларини йўқотди. 2022 йил октабрь ойида у Олмаотадаги энг йирик улгуржи бозор – «Барис-4»ни хусусийлаштириш бўйича келишув ноқонуний деб топилгани сабабли уни давлатга қайтарди. Жорий йилнинг февраль ойида республика биринчи президенти укасининг шўъба корхоналарига қарашли қарийб 300 минг гектар ер давлат балансига ўтказилгани хабар қилинди.