Қозоғистон ИИВ ўсмирларни наркотик моддалар истеъмолига доир оммавий равишда текширувдан ўтказади

Марат Аҳметжанов. polisia.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда ўсмирлар наркотик моддалар истеъмоли бўйича оммавий равишда кўрикдан ўтказилади. Бу ҳақда 14 март куни ҳукумат йиғилишида Ички ишлар вазири Марат Аҳметжанов маълум қилди, дея хабар беради Inbusiness.kz.

«Афсуски, бугунги кунда талабалар ўртасида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари аниқланмоқда. Шу боис келгусида скрининг тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бу жамиятда гиёҳвандлик даражасини холисона баҳолаш, шунингдек, гиёҳвандлик ҳолатларини эрта босқичда, айниқса, ўсмирлар ўртасида аниқлаш имконини беради», — дея тушунтирди ИИВ раҳбари 2023-2025 йилларга мўлжалланган наркомания ва гиёҳвандлик бизнесига қарши курашиш бўйича комплекс режани тақдим этаркан.

Аҳметжанов Қозоғистонда гиёҳвандлар аниқ ва ишончли рўйхатга олинмаганини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 18 минг нафар наркоман бор, бироқ уларнинг ҳақиқий сони расмий рақамлардан беш баробар кўп, дейди экспертлар. Расмий статистикада хусусий наркологик клиникалар, 103 рақамига қўнғироқлар, номаълум этиологияли заҳарланиш ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олинмайди, деди вазир.

Ҳукумат йиғилишида ИИВ раҳбарининг аниқлик киритишича, скрининг текшируви таълим муассасаларига, ишга жойлашиш, давлат хизмати ва Қуролли Кучлар сафига қабул қилинаётганда тиббий кўрикдан ўтиш доирасида ўтказилиши таклиф этилади.

«Бугунги кунда синтетик дорилар кенг тарқалган. Текширув шуни кўрсатадики, агар фойдаланиш эрта босқичда аниқланса, 95% ҳолларда одам нормал ҳаётга қайтиши мумкин. Учинчи босқичда — атиги 15%. Гиёҳванд моддаларнинг кўп турлари бор, улар мактабларда ҳам тарқатилмоқда, биз буни яширмаймиз», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Informburo.kz.

Аҳметжанов гиёҳвандликка қарши кураш режасини тақдим этаркан, унинг бир қатор хусусиятлари борлигини таъкидлади.

«Очиғини айтиш керак, бунга қадар гиёҳвандликнинг самарали профилактикаси заифлашган. Ички ишлар вазирлиги фақат жиноий таъқиб қилиш билан шуғулланган ва асосий мақсад фош қилиш эди. «Ваколатли орган» мақомида бўлгани сабабли, мувофиқлаштириш вазифаси иккинчи ўринда қолган. Бошқа манфаатдор органлар томонидан фаоллик кузатилмади. Натижада, гиёҳвандлик сабаблари билан эмас, фақат оқибатлари билан кураш устун келди», — деди вазир.

Шу боис комплекс режа лойиҳасида ҳар бир давлат органининг вазифалари белгилаб берилган. Гиёҳвандликнинг олдини олиш, гиёҳванд моддаларни даволаш ва реабилитация қилиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда режада наркологик диспансерларни модернизация қилиш ва таъмирлаш, наркоманияни реабилитация қилиш учун тиббий-меҳнат устахоналари ташкил этиш кўзда тутилган.

ℹ️ Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жами 108,8 минг нафар психоактив моддаларни истеъмол қилувчилар динамик кузатув остида. Шундан 90 минг 608 нафари алкоголизмга, 18 минг 243 нафари гиёҳвандликка мойил инсонлар. Гиёҳвандлик билан касалланганлар орасида – 1498 нафар аёл ва 97 нафар вояга етмаган ёшлар бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ