Қозоғистон Бойқўнғирда фаолият юритаётган «Роскосмос»нинг шўъба корхонаси (Ер усти космик инфратузилмасидан фойдаланиш маркази) мулкини ҳибсга олди ва ундан 13,5 миллиард тенге (26,3 миллион доллар) миқдоридаги қарзни ундирмоқчи. Шу билан бирга, корхона раҳбарига мамлакатни тарк этиш тақиқланган, деб ёзади «Московский Комсомолец».
Таҳририят ихтиёрида «Ер усти космик инфратузилмасидан фойдаланиш маркази» АЖга нисбатан Қозоғистон-Россия қўшма корхонаси «Байтерек» фойдасига 13,68 млрд. тенге ундирилишига доир ҳужжат мавжуд. Бу қарорни «Остона» халқаро молия маркази суди чиқарган. Ижро варақаси 2022 йил ноябрь ойи охирида берилган.
«МК»нинг ёзишича, юзага келган можаро Россиянинг Бойқўнғирдан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин.
Ресурслардан фойдаланиш ва молиявий операцияларни тақиқлаш Бойқўнғирдаги ишнинг устувор йўналишини – «Союз-5» ракетаси учун янги учириш майдончасини қуришни секинлаштиради.
kz24.news хабарига кўра, ҳибсга олинишига асосий сабаб Роскосмоснинг янги раҳбари Юрий Борисовнинг «нотўғри хатти-ҳаракати» ва кескин баёнотлари бўлган. Гап, хусусан, космик йўналиш учун масъул бўлган Қозоғистон Алоқа вазирининг ўринбосари Багдат Мусин томонидан амалга оширилаётган учириш майдончаси — лойиҳанинг ишга туширилишининг кечикиши танқиди ҳақида кетмоқда. Мусин, ўз навбатида, Борисовнинг танқидини «дипломатик нотўғри нишон» деб атаган.
Россия Қозоғистондан ижарага олган «Бойқўнғир» мажмуаси Бойқўнғир шаҳри ва шу номдаги космодромдан иборат. Шаҳарда 76,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг деярли 60 фоизи Қозоғистон фуқаролари, қарийб 37 фоизи россияликлар. Бойқўнғир маъмурияти раҳбари икки давлат президентларининг фармонлари билан тайинланади.