«Победа» лоукостер авиакомпанияси («Аэрофлот» компаниялар гуруҳи таркибига киради) ўзининг расмий сайтида Москвадан Самарқандга парвоз учун чипталар сотуви бошланганини эълон қилди.
Москва (Внуково аэропорти) – Самарқанд йўналиши бўйича парвозлар 2023 йил 21 апрелдан бошланади ва ҳафтасига икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Самолёт тури: Boeing 737-800.
21 апрель (жума) куни Москвадан Самарқандга биринчи рейснинг базавий нархи 9180 рубль (122 доллар). Қулай тариф (10 кг юк ва ўриндиқ танлаш билан) — 10 630 рубль (141 доллар). «Максимал» тарифи (20 кг юк билан, жой танлаш ва чиптани қайтариш имконияти) 13 365 рубль (177 доллар).
Қайтиш рейслари ҳам ҳафтасига икки марта — душанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Самарқанддан Москвага 21 апрелда учадиган биринчи рейс учун базавий тариф нархи 15215 рублни (202 доллар) ташкил этади. «Қулай» тарифи — 17 310 рубль (229 доллар). «Максимал» тарифи — 20 610 рубль (273 доллар).
Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, парвозларни ташкил этиш тўғрисидаги қарор Россиянинг лоукостер авиакомпанияси вакиллари билан музокаралар давомида қабул қилинган. Томонлар Россиядан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига мунтазам йўловчи қатновларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилганлар.
Ўзбекистон «Победа»нинг бешинчи халқаро йўналишига айланади. Лоукостер авиакомпания Туркия, Беларусь, Арманистон ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам парвозларни амалга оширади.