Саудиянинг ACWA Power компанияси Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1,4 ГВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) ва қуввати 800 МВт бўлган энергия сақлаш тизимларини қуради. Бухоро вилоятида 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизими қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
4 март куни ACWA Power компанияси билан инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш шартномалари имзоланди.
Шартномаларда қуйидагилар кўзда тутилган:
👉 Тошкент вилоятида 400 МВт қувватга эга ФЭС ва қуввати 400 МВт энергия сақлаш тизимлари;
👉 Самарқанд вилоятида 1000 МВт қувватга эга ФЭС ва қуввати 400 МВт энергия сақлаш тизимлари;
👉 юқори вольтли электр узатиш линиялари;
👉 Бухоро вилоятида 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари.
ℹ️ Энергияни сақлаш тизимлари барқарор бўлмаган қайта тикланадиган энергия манбаларининг ягона тармоққа таъсирини олдини олади. Уларнинг ёрдами билан ишлаб чиқариш даврида ортиқча электр энергиясини тўплаш ва кам ишлаб чиқариш даврида тўпланган энергиядан фойдаланиш мумкин бўлади. Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, 1 миллион 200 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш, йилига 1 миллион 600 минг тоннага яқин зарарли газлар чиқарилишининг олдини олиш мумкин бўлади.
4 март куни бўлиб ўтган йиғилишда 400 МВт қувватга эга Тошкент қуёш электр станцияси қурилиши бошланиши ҳақида маълумот берилди. Режага кўра, мазкур станция йилига 900 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бунинг натижасида 257 миллион куб метр табиий газ тежалади, 360 минг тонна зарарли бирикмаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олинади.
Умуман олганда, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) томонидан қайд этилганидек, юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида:
▶️ Қурилиш жараёнида 3000 дан ортиқ, фойдаланиш жараёнида эса 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади;
▶️ электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 3,5 миллиард кВт/соатга ошади;
▶️ Табиий газни тежаш йилига 1 миллиард куб метрга ошади.
«Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳалар 2,5 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилади», — дея қўшимча қилди Энергетика вазирлиги.
ACWA Power компанияси томонидан Ўзбекистоннинг энергетика лойиҳаларига йўналтирилган сармояларнинг умумий ҳажми ҳозирда 7,5 миллиард долларни ташкил этади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига биринчи ташрифи чоғида 14 миллиард долларлик, жумладан ACWA Power билан 10 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди.
Айни пайтда компания Ўзбекистонда умумий қуввати 4100 МВт бўлган бешта электр станциясини қурмоқда: булар умумий қуввати 2600 МВт бўлган тўртта шамол электр станцияси ва 1500 МВт қувватга эга битта замонавий иссиқлик электр станцияси. Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмидан унинг марказий қисмига электр энергиясини узатиш учун ACWA Power компанияси узунлиги 800 км дан ортиқ бўлган ҳаво электр узатиш линиясини қуради.