Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 5 март куни Халқаро анжуманлар саройи олдига йиғилган 50 га яқин ўсмирни қўлга олган. Бу ҳақда Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Оммавий ҳибсга олишлар ИИББга соат 18:00 да Форумлар саройи олдида «қўшни давлатларда турли бузғунчилик ва душманлик ғояларини тарғиб қилаётган» «Рёдан» ҳаракати тарафдорларининг йиғилиши ҳақида сигналлар келиб тушганидан сўнг амалга оширилган.
Маълум қилинишича, йиғин иштирокчилари пневматик, совуқ ва ўқотар қуроллар билан қуролланишган.
5 март куни 50 нафар вояга етмаган ёшлар Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилган.
«Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахс ижтимоий тармоқлардаги «Рёдан» ҳаракатига аъзолиги аниқланди. Барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган», — дейилади ИИББ хабарида.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари тартибсизликлар, диний, миллий ва этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатаётган шахсларни аниқламоқда, дея қўшимча қилади бошқарма.
Ижтимоий тармоқларда ўсмирларнинг оммавий ҳибсга олиниши кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳибсга олинганларнинг ота-оналари ва воқеа гувоҳлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини болаларга нисбатан қўпол муомалада бўлганликда ва куч ишлатганликда айблашмоқда.
«Бугун форумда (Форумлар саройи ёнида) иккита автобус болаларни олиб кетди. Ходимлар гувоҳномаларини кўрсатмай, ҳақоратомуз сўзлар билан калтаклаб, болаларни йиғиштириб кетишди», — дейди «Потребитель.уз» гуруҳи аъзоларидан бири.
Ҳодиса гувоҳлари орасида Ўзбекистон Адлия вазири маслаҳатчиси Шахноза Соатованинг ўғли ҳам бор бўлган. У саккиз синфдоши билан кафеда ўтирган, бирдан фуқаро кийимидаги одамлар таъқибидан қочиб, болалар шу ерга қочиб киришган. Таъкиб қилган одамлар барча болаларни ушлай бошлашган. Соатованинг ўғли ва унинг бир дўсти қочиб улгурган, қолган синфдошлари қўлга олинган.
«Битта бола кўчада телефонга суратга олаётувди, қўлига уришди,телефони отилиб кетди, болани ерга босиб, қўлини қайлтирволишди, автобусга солиб кетишди» — дея ўғлининг сўзларини келтиради Соатова.
Бундан олдин, 3 март шаҳар Ички ишлар бошқармаси мактаб ўқувчиларининг ота-оналарини Ўзбекистонда «Рёдан» тарафдорлари пайдо бўлаётганидан огоҳлантирган ва ҳаракатни қисқача тавсифлаб, уни бузғунчи сифатида кўрсатган эди.
«Вақт ўтиши билан ушбу ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.
Айни пайтда «Рёдан» ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Белорусия ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади. Биз юртимизда бундай оқибатларни олдини олишимиз керак», — дейилган ИИББ хабарида.