Тошкентнинг Чилонзор тумани прокуратураси машҳур вайнер Фарҳод Манноповнинг хусусий клиникада ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» банди («Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик») билан иш қўзғатилган. Айбдор беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
«Ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли жиноят иши қўзғатилди», — деб тушунтирди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Фарҳод Маннопов 1,2 миллион обуначига эга Mittivine юмористик лойиҳасини яратган ва унга раҳбарлик қилган. У қисқа юмористик видеолар — вайнларни суратга олган. Ўлимидан бир неча кун олдин, Маннопов бассейнда сузиш пайтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида вайнер операция қилинади ва у комага тушиб қолади. Фарҳод Маннопов 5 март куни вафот этган. У 27 ёшда эди.