Ўзбекистон Сенати 3 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига илгари Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Фурқат Сидиқов номзодини маъқуллади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясига 2017 йили ушбу лавозимга тайинланган Жавлон Ваҳобов бошчилик қилмоқда.
ℹ️ Фурқат Сидиқов 1971 йил 7 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1993 йили Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Икки йил «ЎзДэу Электроникс» қўшма корхонасида бош мутахассис бўлиб ишлаган, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти ходими бўлган. 2002-2007 йиллари у АҚШдаги элчихонанинг атташеси бўлиб ишлаган, тўрт йиллик танаффусдан сўнг у ерга дипломатик миссиянинг биринчи котиби сифатида қайтган.
2015-2020 йиллари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида ишлаган. Кейин икки йил давомида Ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2022 йил 14 ноябрдан бошлаб Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Рус ва инглиз тилларида гапиради. Уйланган, тўрт фарзанди бор.