Ўзбекистон ва Испания ҳукуматлараро комиссияси савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди, унда ўзаро савдони кенгайтириш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, қўшма корхоналар очиш чора-тадбирлари кўрсатилган. 1 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Испания бизнес-форумида шунга эришилди, деб хабар беради республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.
Форумда ИССВ раҳбари ўринбосари Ойбек Ҳамраев, Испания саноат, савдо ва туризм вазири ўринбосари Шиана Мендес, манфаатдор идоралар ва икки мамлакатнинг юздан ортиқ компаниялари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари Марказий Осиё республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: валюта бозорини либераллаштириш, солиқлар сонини қисқартириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, саноат сиёсатини амалга ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини қайд этдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ Умумлаштирилган имтиёзлар тизими бенефициари мақомини олди, бунинг натижасида
ўтган йили мамлакат Европа Иттифоқига товар ва хизматлар экспортини 50 фоизга, хусусан, Испанияга — 2,5 баробарга оширди.
Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форумда мезбон давлат вакиллари устувор тармоқларда сармоявий шерикликни кенгайтириш учун ҳар икки давлатнинг рақобатдош устунликларидан фойдаланишни кучайтириш бўйича ташаббуслар билан чиқди, жумладан:
✅ автомобилсозлик ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш;
✅ фармацевтика;
✅ тўқимачилик саноати;
✅ озиқ-овқат саноати;
✅ қишлоқ хўжалиги;
✅ давлат хизматларини ривожлантириш.
Маърузачиларнинг аниқлик киритишларича, Испания ва Ўзбекистон эркин савдо режимларига эга йирик минтақавий бирлашмаларнинг аъзоси бўлиб, бу мамлакатлар тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
ИССВ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, тадбир якунлари бўйича ишбилармон доиралар вакиллари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида сув ресурсларидан фойдаланиш, гидротозалаш иншоотларини қуриш, шунингдек сув хўжалиги соҳасида янги ёндашув ва технологияларни жорий этиш, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича қатор шартномалар имзолаган.
Бизнес-форум доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар фармацевтика, тўқимачилик, рангли металлар, электр жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, савдо уйларини очиш, шунингдек Made in Uzbekistan ва Made in Spain кўргазмаларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.