Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга Фарғона водийси ирригация тизимини модернизация қилиш учун 199,96 миллион долларгача суверен кредит ажратади. Бу ҳақда ЕТТБ матбуот хизмати хабар берди.
Ажратилган маблағлар Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида замонавий энергия тежамкор насос агрегатларини харид қилиш ва ўрнатиш, шунингдек, тегишли инфратузилмани реконструкция қилиш учун мўлжалланган. Бу ҳудудлар Сирдарёдан чучук сув олишга боғлиқ бўлиб, дарёнинг тўлиқ оқимига глобал исиш оқибатида музликларнинг эриб кетиши таъсир қилмоқда. Совет даврида қурилган 118 та эскирган насос станцияларини янгилаш керак.
«Лойиҳа суғориладиган деҳқончиликка қарам бўлган ва йил давомида нисбатан кам ёғингарчилик билан танилган минтақа учун муҳим бўлган ҳудудий суғориш сув транспорти тизимининг самарадорлигини оширади. Эски сув насосларини замонавий ускуналар билан алмаштириш сув истеъмолини яхшироқ назорат қилиш ва йўқотишларни камайтириш имконини беради», — дея тушунтиради ЕТТБ масъуллари.
Модернизация натижасида йиллик электр энергияси истеъмоли тежами 277 минг МВт/соатга, карбонат ангидрид гази чиқиндилари эса йилига 129 минг тоннага камайиши кутилмоқда.
«Бундай яшил лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали биз нафақат ушбу ҳудуд учун муҳим бўлган сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқдамиз, балки Ўзбекистоннинг энг зич аҳоли жойлашган ҳудудида суғориладиган ерлар майдонини қарийб 32 минг гектарга кўпайтиришга, 19 мингга яқин киши учун иш ўрни яратишга ёрдам бермоқдамиз», — дейди ЕТТБ Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитай (Zsuzsanna Hargitai).
Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмидаги насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳаси тўғрисидаги Ўзбекистон президентининг фармони 2022 йил 7 декабрда имзоланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 247,51 миллион долларни ташкил этади, шу жумладан республика ҳиссаси – 47,55 миллион доллар эквивалентида бўлади. ЕТТБ кредити 18 йил муддатга, жумладан, 4 йиллик имтиёзли даврга берилади. Лойиҳа 2023-2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
ℹ️ ЕТТБ Ўзбекистон билан 1990 йиллар бошидан ҳамкорлик қилиб келади. 2007 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон билан муносабатлар деярли музлатилган, банк фақат мавжуд инвестиция портфелини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган. ЕТТБ ваколатхонаси Ўзбекистондаги фаолиятини 2017 йил кузида, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг тиклаган. 2018 йил октябрь ойида банк ҳукумат томонидан бошланган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда келгуси беш йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи Ўзбекистон бўйича стратегияни қабул қилди. Орадан бир йил ўтиб ЕТТБ Ўзбекистонда, Андижонда мамлакатнинг энг зич жойлашган ҳудудини қўллаб-қувватлаш мақсадида иккинчи офисини очди. Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон бўйлаб 121 та лойиҳага 3,7 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.