Прокуратура Нукус воқеаларига доир янги иш бўйича 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни, фақат икки нафар иштирокчига озодликни чеклаш тарзидаги жазо қўлланишини сўради. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматига таяниб, Gazeta.uz хабар берди.
Судланувчиларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми (Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш) билан айбланмоқда.
Иш бўйича яна етти нафар судланувчи ушбу моддадан ташқари Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандлари (олдиндан тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан, ОАВ ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернетдан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланмоқда.
Яна шунча одам икки ёки ундан ортиқ шахсга қасддан оғир тан жароҳати етказиш (Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисми «а» банди) билан қўшимча равишда айбланмоқда.
Ушбу модда, оммавий тартибсизликлар уюштириш тўғрисидаги асосий модда билан бир қаторда тўртта судланувчига нисбатан кўрсатилган, уларга шунингдек, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш ( Жиноят кодексининг 247-моддаси 3-қисми «а» банди) айби қўйилган .
Етти нафар айбланувчининг адвокати Плис Абдижалиев прокуратура маҳкама бошида айтилган айбловнинг бирорта бандини ўзгартирмаганини таъкидлаган.
Адвокат сўзларига кўра, деярли барча судланувчилар ўз айбларига қисман ёки тўлиқ иқрор бўлган, бироқ уларнинг баъзилари айбловнинг у ёки бу бандига қўшилмаган.
«Масалан, «Низам устинлиги» адвокатлик бюроси адвокати Ўролбай Дўсназаров Конституцияга киритилган ўзгартиришларнинг умумхалқ муҳокамаси чоғида таклиф этилаётган ўзгартиришлардан норозилик мавзусида адвокатлар йиғилиши ташкил этилгани нима сабабдан айбловга қўшилганидан ҳайратда эканини билдирди», — дея Gazeta.uz Абдизалиевдан иқтибос келтиради.
Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони судга айбловнинг айрим қисмларини рад этувчи фактларни тақдим этган, бироқ прокуратура якунда уларни ҳисобга олмаган. Хусусан, қорақалпоғистонликлардан бирига нисбатан жабрланувчи енгил тан жароҳатлари олган, аммо унга нисбатан 104-модда 3-қисми «а» банди билан айблов қўйилган.
Нукус воқеалари бўйича биринчи суд жараёни 2022 йил 28 ноябрда бошланган. Айбланувчилар курсисида 22 киши бўлган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг жами 11 моддаси бўйича айблов қўйилган.
Ишда асосий айбланувчи 43 ёшли Даулетмурат Тажимуратов жорий йил январь ойида Жиноят кодексининг беш моддаси бўйича айбдор деб топилди ва 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. 28 февраль куни Тажимуратовнинг адвокати ҳукм устидан Олий судга шикоят қилгани маълум бўлди.
Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар бўйича иккинчи суд жараёни 6 февраль куни бошланди ва айбдлрлар курсисида 39 нафар фуқаро бўлган. Ҳаммаси бўлиб 171 киши айбланувчи сифатида судга жалб қилинган
1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.