1 мартдан бошланган баҳорги муддатли ҳарбий хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган 18 минг нафардан ортиқ йигит Қозоғистон Қуролли Кучлари сафига қўшилади. Бу ҳақда Бош штабнинг ташкилий-сафарбарлик ишлари бошқармаси бошлиғи Бауржан Ортиқов маълум қилди, деб хабар беради Республика Президенти ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати.
Мудофаа вазирлиги вакилининг таъкидлашича, етти минг нафардан ортиқ чақирилувчи мунтазам армия сафида, олти мингдан ортиғи Миллий гвардияда, уч мингдан ортиқ йигит Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматида, 300 нафарга яқини Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ва 80 нафар йигит Давлат қўриқлаш хизматида ўз бурчини ўтайди.
Ортиқовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакат бўйлаб 195 та чақирув маркази ўз фаолиятини бошлаган. Тегишли комиссияларга шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлик қилади.
Ҳарбий хизматга сафарбарлик кампанияси 1 июлда якунланади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар яшаш жойи ёки иш жойи бўйича чақирув қоғозларини оладилар. Шу билан бирга, республикада 2021 йилдан буён ҳарбий ёшдаги фуқароларга огоҳлантириш СМС-хабарларини жўнатиш ахборот тизими фаолият кўрсатмоқда, дея қўшимча қилди зобит.
КазТАГнинг «НИТ» компаниясига таяниб ёзишича, 1 мартдан бошлаб қозоғистонликларга армияга чақирилганлик ҳолати тўғрисида 1414 рақамидан СМС юборила бошланган. Шу тарзда, фуқаролар икки ҳолатда – ҳарбий хизматни кечиктириш ёки ундан озод этилиш бўйича хабардор қилинади.
Тизим ишлаб чиқувчилари хабарларни фақат мобил фуқаролар маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган республика резидентлари олишини таъкидлайди. «НИТ» маълумотларига кўра, бир кун ичида 320 минг чақирилувчи ўз мақомини билиб олган.
2023 йили дунёнинг энг кучли армиялари рейтинги Military Strength Ranking да Қозоғистон 145 та мумкин бўлган ҳарбий кучлар орасида 63-ўринни эгаллаган. Республика Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи – Ўзбекистондан фақат бир поғона ортда қолмоқда. Минтақанинг бошқа давлатлари қуйидаги ўринларни эгаллаган: Туркманистон – 82, Қирғизистон – 107, Тожикистон – 120 ўринни.
Лойиҳа таҳлилчиларига кўра, Қозоғистон Қуролли кучлари қарийб 77 минг кишидан иборат.