АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россияга қарши санкцияларнинг Марказий Осиё республикалари иқтисодиётига салбий таъсирини изоҳларкан, маҳаллий бизнесга ёрдам беришга ваъда берди. Бу ҳақда сиёсатчи 28 февраль куни Остона шаҳрида Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари (C5+1 формати) билан учрашув якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Блинкен дунё бўйлаб ўнлаб давлатларнинг Россияга нисбатан жорий этаётган санкциялари, шунингдек, экспорт назорати «ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган»ини таъкидлади.
«Унинг (Россиянинг) тажовузкорлиги нафақат Украинага, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомининг халқаро тизими асосида ётган тамойилларга — ҳудудий яхлитлик, мустақиллик, суверенитет хартиясига — Марказий Осиё давлатлари учун катта аҳамиятга эга бўлган тамойилларга ҳам қарши қаратилган», — дея маълум қилди у.
Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар санкцияларнинг бажарилишини кузатиб боради ва бир қатор давлатлар, жумладан, C5даги ҳамкорлар билан иқтисодий тафовутларни доимий равишда муҳокама қилади, чунки бу нафақат Украина, балки дунё мамлакатлари, жумладан Марказий Осиё учун ҳам ҳақиқий оқибатларга олиб келишини тан олади.
Вашингтон компанияларга санкцияга учраган Россия фирмалари билан алоқаларни тўхтатиш ва уларнинг савдо алоқаларини диверсификация қилиш учун вақт бериш мақсадида лицензиялар беряпти, деди АҚШ давлат котиби.
«Биз бу жараён вақт талаб этишини, буни биргина ҳаракат билан амалга ошириб бўлмаслигини тушунамиз… Биз минтақани мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда яшовчи халқлар ҳаётини яхшилаш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Жумладан, янги савдо йўлларидан фойдаланиш ва корхоналарга фақат битта давлатга ортиқча ишониб қолмаслик, шунингдек, хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш учун янги экспорт бозорларини топишга ёрдам бериш орқали», — дея қўшимча қилди Энтони Блинкен.
АҚШ Давлат котиби савдо йўлларини диверсификация қилиш ва иш ўринлари яратиш учун Марказий Осиё мамлакатларига қўшимча 25 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.
Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати инглиз тилини ўргатиш, электрон тўлов тизимларини ишлаб чиқиш ва қайтган меҳнат муҳожирларини ўқитишда ҳам ёрдам беришни режалаштирмоқда.
France24 хабарига кўра, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотда Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядан Россия билан божхона иттифоқига кирувчи Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистонга экспорт ҳажми ошгани қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу оқим Россия Федерациясига қарши Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун қаратилган.
Ўз навбатида, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди республика расмийлари санкциялардан бўйин товлашнинг олдини олишга ҳаракат қилишини, бироқ ўзаро назорат ва мувозанат тизимига амал қилишини айтди.
Қозоғистон ТИВ раҳбарининг аниқлик киритишича, Остона ўзи иттифоқчи деб атайдиган Россияга қаршилик кўрсатишга интилмаяпти.
Энтони Блинкен 2021 йили лавозимни эгаллаганидан бери илк бор 28 февраль куни Марказий Осиёга ташриф буюрди. АҚШ Давлат котиби Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари билан мулоқотдан ташқари, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам музокаралар ўтказди. Блинкен Остона сафарини якунлагач, Тошкентга йўл олди ва у ерда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади.