Қозоғистон ҳукумати Россиядаги савдо ваколатхонасини тугатди. Ҳукуматнинг тегишли қарори 22 февраль куни имзоланган ва дарҳол кучга кирган.
«Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлигининг «Қозоғистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Савдо ваколатхонаси» давлат муассасаси тугатилсин», — дейилади ҳужжатда.
Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги ваколатхона РФ билан ўзаро муносабатларнинг юқори даражасини ҳисобга олган ҳолда давлат органлари фаолиятини оптималлаштириш жараёни доирасида ёпилаётганини тушунтирди.
«Ҳозирда Қозоғистон бизнесининг Россия йўналишида ишлаши ва барча оператив масалаларни ҳал этиши учун барча институционал шароитлар яратилган. Шу билан бирга, бўшатилган бўлинмалар Қозоғистоннинг бошқа мамлакатлардаги дипломатик фаолиятини мустаҳкамлаш учун ишлатилади», — дейилади Савдо вазирлиги хабарида.
Вазирлик қайд этишича, ушбу қарор ўзаро савдо ваколатхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувни денонсация қилишни талаб қилмайди ва Россиянинг Қозоғистондаги савдо миссиясига, шунингдек, умуман, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга таъсир қилмайди.
«Россия Федерацияси Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкоридир. Бу бир қатор объектив омиллар билан боғлиқ: географик жойлашув, ЕОИИнинг ягона иқтисодий майдони, ишлаб чиқилган қонунчилик базаси, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун самарали платформаларнинг мавжудлиги», — дея таъкидлайди Савдо вазирлиги.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Қозоғистонда Россия иштирокидаги 8 мингга яқин компания ва 3348 та қўшма корхона фаолият юритади. 2022 йил охирида Россия ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларга ошиб, 26 миллиард долларга етган.
ℹ️ Вакилатхоналарни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома Россия ва Қозоғистон ўртасида 1992 йил октябрь ойида имзоланган ва 2012 йилда ратификация қилинган. Россияда Қозоғистоннинг савдо ваколатхонаси 2009 йили очилган. У Москвада жойлашган, Қозонда ваколатхонаси мавжуд. Савдо ваколатхонаси қозоғистонлик экспортчилар ва дистрибюторларга Россия бозорида ишлашда ёрдам бериш ва Қозоғистонга хориж инвестицияларини жалб қилиш билан шуғулланган.