Олмаота шаҳар ҳокимлиги яқин уч йил ичида шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш, жумладан, дарё ва кўчалар ёқаси бўйлаб «яшил йўлаклар» яратиш ниятида. Бу ҳақда Қозоғистон жанубий пойтахти мэри Ерболат Досаев аҳоли билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «яшил йўлаклар» концепциясини тасдиқлаган, демак тез орада шаҳар кўчалари ва сув ҳавзалари қирғоқларини кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади.
Досаев Олмаотада ҳаво ифлосланишига қарши курашнинг яна бир чора сифатида — экологик тоза транспортга ўтиш, шунингдек, иситиш мавсумида кўмир ва бошқа турдаги қаттиқ ёқилғидан фойдаланишни рад этишни атади.
«2025 йил охиригача бизда биттаям дизел автобуси бўлмайди. Биз шамоллар эсиши билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қиламиз. Энди муаммонинг энг тўғри ечимини топиш учун муассасалар ва олимларни жалб қилмоқдамиз», — деди ҳоким.
Аввалроқ, 7 февраль куни бир гуруҳ фаоллар Олмаотадаги экологик офатни тан олиш учун петиция тузган эди. Унда таъкидланишича, ҳар куни икки миллион фуқаро кўплаб қурилиш объектларидан автомобиль чиқиндиси, кўмир куйиши ва чангининг заҳарли аралашмасидан 50 миллиард марта нафас олади.
Қишда эса совуқ тутунни ерга шундай «михлайди»ки, натижада осмонни кўриб бўлмайди.
«Кўп йиллар давомида қозоғистонлик экологлар бундай вазиятга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида гапириб келишган, лекин расмийлар ўзини эшитмаётгандек кўрсатишмоқда. «Қазгидромет»нинг 2023 йил 19 январдаги ҳисоботида «атмосферада ифлослантирувчи моддалар концентрациясидан ошиб кетгани аниқланмаган» дейилган. Бу ўша кунлари — шаҳар заҳарли тутундан бўғилиб қолган пайтлар эди», — дейилади петицияда.
Шу кунгача мурожаатни 52 мингга яқин киши қўллаб-қувватлаган.
Олимлар бир неча йил олдин экология мавзусини кўтаришганди. 2021 йили Қозоғистон Миллий университети мутахассислари Олмаота дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар бешлигидан жой олганини тан олди. Уларга кўра, ифлосланиш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) меъёрларидан 10-15 баравар юқори концентрацияга етган.
Жорий йилнинг январь ойида Президент Тўқаев экологик муаммоларга эътибор қаратган эди. Унинг қўшимча қилишича, Олмаотадаги асосий ифлосланиш манбалари транспорт воситалари, иссиқлик электр станциялари, саноат корхоналари ва газлаштирилмаган хусусий уйлар бўлиб, шамол кўтарилишини ҳисобга олмаган ва тоза ҳаво оқимига тўсқинлик қилаётган зич бинолар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Давлат раҳбари вазиятни яхшилаш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилди.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ҳалокатли вазият кузатилмоқда. Хусусан, Қирғизистон пойтахти Бишкек жорий қиш мавсумида сайёрамизнинг энг ифлосланган жойлари рейтингида бир неча бор биринчи ўринни эгаллади. Эслатиб ўтамиз, ЮНИCEФ маълумотларига кўра, 2021-22 йиллари ушбу шаҳарда ҳаво ифлосланишидан 112 киши ҳалок бўлган.
Тошкентда ҳам аҳвол ёмон. House Fresh халқаро жамоат лойиҳаси экспертлари томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон пойтахти Олмаота ва Душанбе қатори ифлосланган ҳавоси одамлар саломатлигига энг кучли таъсир кўрсатувчи дунёнинг 20 та шаҳари рўйхатига киритилган. Аниқланишича, атмосфера Тошкент аҳолисига йилига 503 дона сигарет чекиш зарарини кўрсатаркан. Шу билан бирга, Республика Табиий ресурслар вазирлиги ушбу маълумотларга изоҳ бераркан, пойтахт ҳавосининг чанг зарралари билан ифлосланиш даражасини «ўрта» ва «яхши» деб баҳолаб, «инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмаслигини» таъкидлаган.